Жамият | 21:26 / 18.03.2019
31674
8 дақиқада ўқилади

Қарз олди-бердисида нималарга эътибор бериш керак?

Фуқаролар тез-тез мурожаат этадиган битимлар, шунингдек қарз шартномасининг қонунчилик асослари ҳар томонлама мустаҳкамланган бўлишига қарамасдан, судларда қарз­ни ундириш билан боғлиқ низолар сони ҳали ҳам камаяётгани йўқ.

Хусусан, фуқаролик ишлари бў­йича Жиззах вилоят судлари томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида кўриб чиқилган қарз ундириш билан боғлиқ ишлар таҳлили мисолида бу турдаги мурожаатлар сон жиҳатидан ортганлигини кўриш мумкин.

2017 йилнинг тўққиз ойида қарз шартномаси билан боғлиқ 252 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврида 368 тани ташкил этган. Агар 2017 йилнинг тўққиз ойида 205 та иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қа­бул қилинган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 335 тага етган.

Ёки ана шу қарз шартномасига оид 198 та иш 2017 йилнинг тўққиз ойида қаноатлантирилган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида бу рақам 104 тага ортган, яъни 302 та даъво қаноатлантирилган.

2017 йилнинг тегишли даврида 2 миллиард 270 миллион 95 минг 373 сўм, 2018 йилнинг ана шу даврида эса, 3 миллиард 416 миллион 883 минг 795 сўм қарз суд қарори билан ундириб берилган.

Хўш, қарз олди-бердиси би­лан боғлиқ мурожаатлар сон жиҳатдан камаймаётганининг сабаби нимада?

Бу, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий ма­данияти ошиб бораётгани, судларга нисбатан ишончи ор­таётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, ушбу ҳолат қарз берувчи ва қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тў­лиқ билмаслиги ҳамда қарз шартномасини тўғри расмийлаштирмаётганига ҳам бориб тақалади.

Шундай экан, фуқаролар қарз шартномаси билан боғлиқ қонун нормалари ва ҳуқуқий асосларни би­либ қўйиши ҳеч қачон фойдадан холи бўлмайди.

Фуқаролик кодексининг 732-моддасида белгиланганидек, қарз шартномаси бўйича бир тараф — қарз берувчи иккинчи тарафга, яъни қарз олувчи­га пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бош­қа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бў­либ, ўшанча суммадаги пулни ё қарзга олинган ашёларнинг хи­ли, сифати ва миқдорига ба­­равар ашёларни ёхуд қарз суммасини қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи та­­­­лаб қилган вақтда қайтарилиши керак.

Қарз шартномасининг бош­қа шартномалардан фарқланадиган, юридик аҳамиятга эга ўзига хос хусусиятлари мавжуд.  

Биринчидан, қарз шартномаси реал бўлиб, унинг маъноси шундаки, шартнома нарса, пул ёки ашёни қарз берувчи қарз олувчига топшириш пайтидан вужудга келади ва худди шу вақтдан шартнома тузилган ҳисобланади.

Иккинчидан, қарз шартномаси бир томонлама шартнома ҳисобланиб, бир тараф — қарз берувчи қарз бериш ҳу­қуқига эга бўлса, иккинчи томонда қарз нарсасини қайтариш мажбурияти вужудга келади.

Учинчидан, шартномага кў­ра, қарздор олган мулкдан фойдаланиб, уни бошқариш ҳу­қуқи берилганлиги туфайли мулкнинг вақтинчалик эгаси ҳисобланади.

Тўртинчидан, қарз шартномаси аксарият ҳолларда текинга тузилади.

Қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда фоизлар олишга йўл қў­йилади.

Фуқаролар ўртасида қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, шартнома оддий ёзма шаклда тузилиши шарт.

Шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар қарз шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак.

Агар тарафларнинг иккаласи ҳам юридик шахс ҳисобланса, улар ўзаро шартнома тузишга ҳақли. Бир тараф юридик, иккинчи тараф жисмоний шахс бўлганда, албатта, шарт­нома нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёхуд муайян миқдордаги ашёлар топширилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Борди-ю, қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, бундай ҳолда қарз шарт­номасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Шу ўринда фикримизни судда кўрилган бир фуқаролик иши мисолида давом эттирамиз. Даъвогар А. Ғайбуллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар С. Исматовга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Унда жавобгардан 14 миллион сўм қарзни ундиришни сўраган.

Биринчи босқич судининг 2018 йил 15 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А. Ғайбуллаевнинг жавобгар С. Исматовга нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган. Жавобгар С. Исматовдан даъвогар А. Ғайбуллаевга 14 миллион сўм қарз ва 280 минг сўм давлат божи, жами 14 миллион 280 минг сўм ундириш белгиланган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгарнинг ишончли вакили томонидан кассация шикояти келтирилиб, унда ушбу иш бўйича қа­бул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Кассация судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида аниқланишича, С. Исматов томонидан 2017 йил 19 сентябрда ёзилган тилхатда у А. Ғайбуллаевдан 2017 йилнинг 8 август куни 14 миллион сўм қарз олгани ва қарзни 2017 йил 1 ноя­брь кунига қадар қайтариши кўрсатилган.

Бироқ жавобгар томонидан қарз мажбурияти бажарилмаган. Шу сабабли даъ­вогар судга қарзни ундиришни сўраб мурожаат қилган.

Фуқаролик кодексининг 733-моддаси 3-қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўл­са, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Мазкур кодекснинг 735-моддаси 1-қисмига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Кассация судлов ҳайъати иш ҳужжатларида жавобгарга қарз берилганлигини тасдиқловчи тилхат мавжудлиги, бугунга қадар олинган қарз қайтарилганлиги ҳақида ишда да­лиллар йўқлигини инобатга олиб, биринчи босқич суди даъвони қаноатлантириш ҳа­қи­да тўғри хулосага келган, деб ҳисоблади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 1-қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаб ва эътирозларига асос қилиб кўр­сатган ҳолатларни исботлаши шарт. Гап шундаки, жавобгар тилхат мажбурлаб ёздирилганлиги, қарз аслида 14 миллион эмас, аксинча, 5 миллион 600 минг сўм эканини важ қилиб кўрсатган бўлса-да, эътирозини тасдиқловчи далилларни судга тақдим қилолмади.

Шундай қилиб, ушбу қарз олди-бердиси билан боғлиқ фуқаролик иши юзасидан биринчи босқич суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти эса, қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Қисқача айтганда, қарз шарт­номаси шартларига тў­лиқ риоя этиш ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиб­­гина қолмай, тарафларнинг қонуний манфаатларини ҳам таъминлайди. Шу билан бирга, бу қарз олди-бердиси иштирокчилари ўртасидаги илиқ муносабатга дарз етишдан асрайди.

Хуршид ЭШМУРАТОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах вилояти судининг судьяси

Мавзуга оид