Light | 18:58 / 20.03.2019
45182
5 дақиқада ўқилади

Одамлар нега кам ухлаяпти?

Бугун дунё аҳолисининг катта қисми ўз вақтида ухламаслик ортидан келиб чиқадиган хасталиклардан азият чекмоқда. Нормал 8 соатлик уйқу миқдори камайиб бораётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Одатда, бу каби муаммодан қариялар азият чекишади. Лекин ҳаёт шиддати ошиб боравергани сари касаллик ёшариб боряпти. Хўш, биз нима учун хотиржам ухлолмаяпмиз? Сабаблари нимада? Даво йўллари борми?

Уйқуни неврологиянинг алоҳида йўналиши бўлган сомнология фан соҳаси бўйича ўрганади. Сомнолог-шифокорлар инсон уйқуси бўйича тадқиқот олиб боришади ва уйқусизлик билан боғлиқ касалликларни аниқлаб, даволашади. Сомнология ҳозирги вақтда жадаллик билан ривожланаётган тиббиёт соҳасидир. Ушбу фанни ўрганиш 1968 йилда Александр Вейн томонидан бошлаб берилган. У инсон уйқусини ёзиб олиб, тадқиқ қилган.

Нормал уйқу қандай аниқланади?

Фото: shutterstock

Видеомонитор орқали инсон уйқуси ёзиб олинади. Бемор ухлаётганда аппаратура керакли маълумотларни қайд этади ва комьютер хотирасига ўтказади. Шундан сўнг барча маълумотлар тўпланиб қайта ишланади ва умумий ҳолат ҳақида хабар берилади. Охирида гипнограмма орқали уйқу тузилиши, миқдори ва сифати ҳақида маълумот олиш мумкин.

Уйқу бузилишини қандай даволаш мумкин?

Энг оддий даво муолажаси фармакологик (дори воситалари) усул ҳисобланади. Бундан ташқари психотерапия, физиотерапия, игна билан даволаш, фототерапия (ёрқин оқ ранг билан даволаш) каби йўллар ҳам бор.

Экспертлар нима дейди?

Нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев:

«Инсон миясига роҳат бағишловчи энг кучли малҳам – бу уйқу», деган эди Ибн Сино. Ҳақиқатан ҳаёт ташвишлари ёки қандайдир сабаб орқали ухламай ишлайдиган, кам ухлаб, кўп ишлайдиганларда ақлий ва руҳий фаолият сустлашиб боради. Бу нималарда намоён бўлади? Ухламасдан тинмай ишлаш ҳеч қачон иш унумдорлигини оширмайди. Мия барибир ўз аламини олади. 

Етарли даражада ухламайдиган инсонлар бировлар гапини эшитиб туради, бироқ уни мияси қабул қилмайди, унинг касбий иш фаолияти ҳам сустлашади. Бундайлар қоғозбозликдан нарига ўтмайди, улар жаҳлдор ва қўл остида ишлайдиганларга қўрс бўлиб қолишади. Ишда кофе ичиб тетик юришга ҳаракат қилишади-ю, янада мия ва юракка зарар қилиб қўйишади. Айниқса 40 ёшдан ошганлар кунига 6 соат ухламаса, юрак-қон томир касалликларига дучор бўлишлари мумкин».

Олий тоифали шифокор, сомнолог, вертебролог, эпилептолог Зуфар Ибрагимовнинг сўзларига кўра, одамларнинг кам ухлашига сабаб ёруғликнинг кўплигидир. 

«Инсон фақат қоронғи жойдагина мириқиб, хотиржам ухлай олади. Илгари электр токи бўлмаган пайтларда одамлар ўз вақтида (ундан олдин ҳам) уйқуга кетишган. Инсон ақлий фаолият билан бугунчалик зўриқиб шуғулланмаган. Уйқусизлик касаллиги деярли бўлмаган. Ҳозирги вақтга келиб эса урбанизация жараёнлари тезлашиб кетаётган бир даврда тинч, осуда жойни топиш жуда мушкул. Одамлар суткасига тўхтамай ишламоқда», —  дейди у.

Маълум қилинишича, инсон етарли қоронғи муҳитда ухламагани учун организмда мелатонин гормони ҳосил бўлмайди. Кўзга тушган ёруғлик мелатонинни парчалаб юборади. У организмни ёшартириш хусусиятига эга бўлиб, Мелатонин етишмаса, ўз-ўзидан инсон қариши тезлашади. 

Уйқу меъёри бузилиши иммунитет, хотирани пасайтиради, қатор асаб касалликларини келтириб чиқаради. Доимий такрорланувчи уйқусизлик диабет, семириш, озиш, инфаркт, инсультга олиб келиши мумкин. Бунинг ортидан 60-70 ёшлиларда саратон касалликлари кузатилади.

«Куннинг учдан бир қисмини уйқуда ўтказиш меъёр, деб қабул қилинади. 7-10 кун умуман ухламаслик организмни ўлдиради. Энди иккинчи масалага ўтсак: тунги сменада ишлайдиганлар қандай қилиб кейинчалик кузатилиши мумкин бўлган касалликларни олдини олишлари мумкин? 45-50 ёшгача тунда меҳнат қилиш мумкин. Бунинг соғлиққа зарари унчалик катта эмас. Аммо бу ёшдан кейин ишлашни тавсия қилмайман, чунки организмда қариш жараёни кечади ва у зўриқишларга бардош беролмайди. Кундузи ухлаш тунги уйқу ўрнини босолмаслиги аниқ факт. Шундай экан, чарчоқни қандай чиқариш мумкин? Албатта, жисмоний машқлар ва тўғри овқатланиш энг оддий ва оптимал усул ҳисобланади», —дея қўшимча қилди Адамбоев.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид