Жаҳон | 12:30 / 23.03.2019
55671
3 дақиқада ўқилади

Остона расман Нур-Султон номини олди

Фото: ТАСС, Валерий Шарифулин

Қозоғистоннинг янги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат пойтахти Остонани Нур-Султон дея қайта номлаш тўғрисидаги фармонини имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳри — Қозоғистон Республикаси пойтахти Нур-Султон дея қайта номлансин», — дейилган фармон матнида.

Фармон эълон қилинганидан бошлаб кучга кирган.

У бугуннинг ўзида Қозоғистон Конституциясига ўзгариш киритиш ҳақидаги қонунга ҳам имзо чеккан (Қозоғистон бош қомусининг 2-моддасида мамлакат пойтахти Остона шаҳри эканлиги қайд қилинганди, пойтахт номини ўзгартириш учун Конституцияга ўзгариш киритиш талаб этиларди).

Остона номини мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номлаш ташаббуси 20 март куни янги президент Тўқаев томонидан билдирилганди. У шунингдек, биринчи президент номини абадийлаштириш мақсадида шаҳарлардаги марказий кўчаларга ҳам Нурсултон Назарбоев номини беришни таклиф қилганди.

Парламент ўша куни қўшма йиғилишда мамлакат конституциясига тегишли ўзгартиришларни қабул қилди.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистон қонунлари Тўқаевга Конституцияга ўзгартиришлар киритиш таклифини илгари суриш имконини бермасди. Шунга қарамай, Остонани қайта номлаш учун референдумнинг ўрнини парламентдаги овоз бериш билан тўлдиришни назарда тутувчи кўп юришли комбинациядан фойдаланилди.

Бу ўзгаришлар жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарди. 20 март куни gopetition.com сайтида пойтахтни Назарбоев шарафига қайта номламаслик талаб қилинган петиция эълон қилинди.

21-22 март кунлари Остона ва Олма-отада пойтахт номи ўзгартирилишига қарши митинглар ўтказилди. Гувоҳларнинг маълумотларига кўра, Остонада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 60 кишини қўлга олишган, Олма-отада эса 20 нафарга яқин киши ушланган. Полиция департаменти эса бу шаҳарлардаги митинглар бўйича расмий маълумот бермади ва одамлар қўлга олингани ҳақидаги хабарларни изоҳламади.

Маълумот учун, Остона ўрнидаги посёлкага 1830 йилда асос солинган бўлиб, у дастлаб Акмолинск деб аталган. 1961 йилда эса бу ҳудуд Целиноград номини олган. 1992-1998 йилларда шаҳар номи Оқмола деб аталган. 1997 йилда Нурсултон Назарбоев пойтахтни Олма-отадан Оқмолага кўчирган, бир йил ўтиб шаҳарга Остона (қозоқ тилида пойтахт) номи берилган.

Пойтахтни Назарбоев шарафига номлаш аввал ҳам бир неча марта сиёсатчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан таклиф этилганди. Охирги марта 2016 йилнинг ноябрида қозоғистонлик депутатлар пойтахтни Нурсултон ёки Назарбоев номи билан қайта номлаш ташаббусини илгари суришган, аммо ўшанда президент бунга қарши чиққанди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 19 март куни ўз ваколатларини топширишини маълум қилди. Конституцияга кўра, президентлик лавозими Сенат спикери Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтди, 20 март куни у давлат раҳбари сифатида лавозимга киришди. У 2020 йилнинг апрелигача, кейинги президентлик сайловларигача давлатни бошқаради. 20 март куни Тўқаевнинг ўрнига Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева Сенат спикери (раиси) сифатида сайланди.

Мавзуга оид