Ўзбекистон | 13:56 / 29.03.2019
49155
2 дақиқада ўқилади

Халқ банки раиси лавозимидан озод этилди

Халқ банки раиси Абдурасул Абдуллаев бошқа ишга ўтказилгани муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Абдурасул Абдуллаев

Қайд этилишича, у Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари — «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори этиб тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Қўмита ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «Ўзбекчорванасл» агентлиги ташкил этилди.

Абдурасул Абдуллаев 1968 йил Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. 1991 йили Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

Марказий банк Самарқанд вилояти Бош бошқармаси бошлиғи, «Ипотека-банк» АТИБ бошқаруви раиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ бошқаруви раиси сифатида ишлаган. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки бошқаруви раиси этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар бажарилиши билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.

Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий таъминотига тўхталган ва Халқ банки раҳбари Абдурасул Абдуллаевга танбеҳ берганди.

Мавзуга оид