Жамият | 15:20 / 04.04.2019
12918
2 дақиқада ўқилади

«Ёш китобхон» лойиҳасининг 2019 йил мавсумига аризалар қабули бошланди

«Ёш китобхон» лойиҳасининг 2019 йил мавсумига аризалар қабули бошланди. Танлов буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Танловга мамлакатда истиқомат қилаётган миллати ва тилидан қатъий назар 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча ёшлар иштирок этиши мумкин. 

Танловда иштирок этишни хоҳловчи ёшлар жорий йилнинг 1 апрелидан 15 майига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари ёки маҳаллий Кенгашларига ариза билан мурожаат қилиб, ўзи ҳақидаги тегишли маълумотлар (танлов анкетаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт нусхалари)ни тақдим этади.

Танлов қуйидаги учта ёш тоифаси бўйича алоҳида-алоҳида тартибда ўтказилади:

10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ёшлар;
15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшлар;
20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар.

Танловда иштирокчиларнинг ёши ариза топширган сана бўйича инобатга олинади.

«Ёш китобхон»нинг 2019 йилги мавсуми учун саралаб олинган китоблар рўйхати ҳақида маълумот ёки ўзингизни қизиқтирган саволлар юзасидан (99) 858-43-54 телефон рақами ёки Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари орқали маълумот олиш мумкин. 

Мавзуга оид