Ўзбекистон | 15:56 / 15.04.2019
31591
8 дақиқада ўқилади

Бу уйнинг чироғи ҳеч қачон ўчмайди

Юраги миллат дарди билан ёнган, халқи учун бутун ҳаётини, борлиғини бағишлаган Шароф Рашидов ёдгорлик уй-музейида кўнглимиздан кечганлари...

Аслида бу ерга тамомила бошқа ният билан келган эдим. Уй музейининг очилиши-ю ундаги диққатга сазовор ёдгорликлар ҳақида икки энлик хабар ёзиш эди мақсадим... Бироқ буюк сиймо Шароф Рашидов болалиги ўтган ҳовлига қадам қўярканман, қалбимда тушунарсиз, аммо ёқимли ҳис-туйғулар жўш ура бошлади. Ўзгача файзи бор эди бу уйнинг. Фариштали бир уй эди бу уй. Бу қадар ҳаяжон, бу қадар энтикишга нима сабаб бўлганини қораламамиз сўнгида англарсиз, азиз ўқувчи...

 Эски уйимда отамнинг ҳиди бор эди, онамнинг меҳри бор эди 

“Шароф Рашидов ота-онаси яшаган ва ўзининг болалиги ўтган бу уйни жуда яхши кўрарди. Шу кўчада Шароф аканинг барча қариндошлари, ака-укалари истиқомат қилишарди. У киши ҳар сафар Жиззахга ташрифлари чоғида эски уйларини зиёрат қилардилар, уй ичида ҳеч нимани ўзгартиришга йўл қўймасдилар, хонада оталарининг чопонлари ва оналарининг рўмоллари илиниб турарди. Токчадаги идишлардан тортиб барча буюмлар ҳам улар тириклигида қандай турган бўлса шундайлигича сақланишини қаттиқ талаб қилардилар. Ичкари киришлари билан чуқур хўрсиниб нафас олиб бирпас турар, сўнг нафасларини чиқарардилар. Биз яқинлар шу одатларига сира тушунмасдик. Ботиниб сўрай олмасдик ҳам. Бир куни журъат қилиб у кишининг аёллари Хурсаной аядан сўрадик. Шунда улар “ Шароф ака шундай чуқур нафас олсам ота-онамнинг ҳидини туяман, уларнинг меҳрини ҳис қиламан дейдилар” дея жавоб қилдилар. Рости, бундан жуда таъсирландим. Ҳалигача бу ҳақда эсласам кўзимга ёш келади. Вафотларидан икки йил аввал вилоятимиз катталари Шароф акадан сўроқсиз ота уйни бузиб сиз кўриб турган мана шу кўринишга олиб келишди. Бу ерда жуда катта қурилиш бўлди. Баланд ва чиройли уй қад кўтарди. Шароф отанинг келишларини билиб, ёш-у қари кўчада, қариндошдан тортиб маҳалла аҳлигача шу атрофда. Хизмат машиналарида етиб келган Шароф ака машинадан тушдилар-у, атрофга бир қараб “ мен бошқа жойга келиб қолдим, шекилли” дедилар. Гап нимадалигини дарров тушундилар-у ёнларидаги ўша пайтдаги обкомнинг биринчи котибига юзланиб “шу ишни бекор қилибсиз, бу ерга кетган маблағга яхши бир болалар боғчаси қурсангиз сиздан миннатдор бўлардим” дея уйга ҳам кирмай ортларига қайтиб кетдилар. У кишининг хафа бўлганини билдик. Рафиқалари Хурсаной опанинг айтишларича, Шароф ака қарийб икки ой жуда қаттиқ сиқилиб “мен энди ота-онамни йўқотдим, уларнинг ҳидини, меҳрини йўқотдим. Эски уйимда уларнинг изи, меҳри, ҳидлари бор эди” деган эканлар. Шу-шу умрлари сўнгигача бу уйга қайтиб келмадилар”, дея хотирлайди Шароф Рашидовнинг жияни Одил Ҳамроқулов.

Нодавлат- нотижорат илмий-маърифий ёдгорлик уй-музейидаги ҳар бир буюм, турли сурат ва жиҳозлар Шароф Рашидовнинг оддий мухбирликдан тортиб то давлат раҳбари бўлгунга қадар босиб ўтган заҳматли ва машаққатли ҳаётидан ҳикоя қилади. Унинг ижодхонасида ўша ижод аҳли излаган сокин ва тинч муҳитни ҳис қиласиз, чиройли ҳуснихат билан битилган қўлёзмаларда бир зум ҳам тинмайдиган раҳбарнинг тиғиз иш жараёнини сезасиз...

“Ноёб” буюм топа олмадим

Юрагида буюк дард – миллат дарди билан яшаган Шароф Рашидовнинг ёдгорлик уй-музейида “ноёб” буюм топа олмадим... У ерда олтин занжирли соат ёки тилла суви юритилган идишларга кўзим тушмади. Юртни сўраб турган раҳбарга бу буюмлар ярашмасмиди? Кўрганим бир дунё китоб эди... Аслида ижодкор учун китобдан ортиқ зебу зар, ноёб нарса бор эканми? Шароф Рашидов умри давомида тўплагани зиё бўлди.

“Бу ерда Шароф Рашидов шахсан ўзлари тўплаган 7200 дона китоб бор. Турли мавзулардаги асарларнинг ҳар бирида муаллифнинг дастхати бор. Шундай оғир кунларда ҳам бу китобларни асраб-авайлаган фарзандларига раҳмат айтаман. Бу халқимиз учун жуда катта бойлик аслида. Биласизми, биз Шароф аканинг ташрифини интиқиб кутардик. Ҳар гал келганларида барчамиз учун вақт топа олардилар. Уларнинг биринчи саволлари “қандай китоб ўқидингиз? Унинг мазмунини айтиб беринг-чи? Асардаги салбий ва ижобий қаҳрамонлар ким?” каби саволлар бўларди. Навбат билан ўқиган асарларимизни ҳикоя қилиш бизга ҳам завқ, ҳам шавқ бағишларди. Ана шундай китобсевар, меҳридарё, зиёли инсон эди Шароф Рашидов. Ҳар биримизда китобга бўлган меҳрни уйғота билган илк устозимиз эди улар”, -дейди Одил Ҳамроқулов.

Дипломат, ижодкор, ўзлик учун курашган эл фарзанди Шароф Рашидовнинг уй-музейида унинг чет эллик дўстлари, ҳамфикрлари ва буюк шахслар совға қилган ҳар бир буюм миллатлар ўртасида дўстлик ва тинчлик учун хизмат қилгандек туюлаверади. Музей ташкилотчиларининг таъкидлашича, бу ерда олимларга ҳам бу мавзуда изланиш қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Машаққатли кунлар...

“Шароф Рашидов вафотларидан кейинги кунларни хотирлаш мен учун оғир. Ўша машъум воқеалардан сўнг биз қариндошларни ёппасига қамашди. Ҳеч бир сабабсиз ўн етти кун қамоқхона ертўласида қолиб кетдик. Биз ўша кунларни енгдик, аммо Шароф Рашидовнинг оиласига жуда қийин бўлди. Фарзандлари ҳеч қаерга ишга олинмади. Ёлғиз ўғиллари ва рафиқалари Хурсаной ая яшаб турган уйларидан ҳайдалди. Охир-оқибат икки хонали уйда ижарада яшадилар. Бир куни улардан хабар олгани бордим. Мени кутиб олган Хурсаной ая ҳозир дедилар-у ташқарига чиқиб кетдилар. Секин ошхонага чиқиб, музлаткични очдим.Очдим-у ҳайратдан қотдим. Музлаткичда бир шиша қатиқ, бир шиша сут ва ярим пачка сариёғдан бошқа ҳеч қандай егулик йўқ эди. Кўзимга ёш келди. Икки дона нонни қўшнидан сўраб олиб чиққан Хурсаной ая ёзган дастурхонга ҳам қарамасдан бозорга бориб, қўлимдаги бор пулга егулик олдим. Ўшанда ая кўзларидаги ёшни кўриб наҳот инсон қадри шунчалар топталса дея сиқилгандим. Тасаввур қилинг, ўғилларини ҳеч қаерга ишга олишмайди, аянинг нафақа пулларни ҳам қирқиб ташлашди... Инсон учун бундан ортиқ хўрлик борми? Ўзлари қай аҳволда-ю менга “келманг Одилжон, бизни деб балога қоласиз” дейдилар”, - деб эслайди Одил Ҳамроқулов.

Фарзанд ота –она танламайди 

Бу мақолани тайёрлашдан олдин Сайёра Шарофовна билан телефон орқали суҳбатлашдим. Тахминан беш дақиқалик суҳбат, ўша дилбар овоз менда чуқур ҳурмат ҳиссини уйғотди. Отага муносиб фарзанд бўлиш ҳам ҳар кимга эмас. Ёдгорлик уй-музейининг ташкил топишида, Шароф Рашидовнинг шахсий буюмлари асраб-авайланишида уларнинг хизматлари беқиёс. Кечинмаларимни, ҳис-ҳаяжонларимни Сайёра опанинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман:

“Назаримда. отамдан катта бир уй мерос қолди. Унда асл ўзбекона фазилатлар – фидойилик, камтарлик, ҳалоллик, покизалик, ширинсуханлик камол топади. Халқимиз омон экан, бу уйнинг чироғи ҳеч қачон ўчмайди. Зеро, эл-юртимиз халқ учун ўз ҳаётини, бутун борлиғини бахшида қилган фарзандларини ҳамиша бошига кўтаради”.

Гулчеҳра Шарипова.

Мавзуга оид