Жаҳон | 23:00 / 19.04.2019
33797
2 дақиқада ўқилади

Порошенко ва Зеленский Украина халқи олдида тиз чўкди

Украина пойтахти Киевдаги “Олимпийский” стадионида Украина президенти лавозимига номзодлар Пётр Порошенко ва Владимир Зеленский ўртасида дебатлар бўлиб ўтди. Дебатларни трибуналардан 22 минг киши кузатган. 

Сиёсатчилар дебатлар давомида Донбассдаги қуролли ихтилоф ҳақида гапирар эканлар, саҳнада тиз чўкдилар.

Зеленский Майдан вақтида уруш тугаши учун Россия президенти Владимир Путин олдида тиз чўкишга тайёр бўлганини эслаб ўтган. “Мен ўз ўғлини йўқотган ҳар бир она, ўз эрини йўқотган ҳар бир аёл олдида тиз чўкишга тайёрман. Мен бунга тайёрман ва ҳозир буни қиламан. Сиз ҳам буни қилинг”, деб айтган Зеленский Порошенкога юзланиб.

Шундан кейин Зеленский тиз чўккан. Порошенко ҳам унинг ортидан буни қайтарган, бироқ буни томошабинларга орқасини ўгирган ва уни саҳнада қўллаб-қувватлаётган Донбассдаги жангчиларга юзланиб бажарган. “Кўрдингизми, қанчалик осон”, деб киноя қилиб қўйган Зеленский. У, шунингдек, Донбассдаги урушни тўхтатиш учун барча ишни қилишини айтган. 

Порошенко рақибининг “Мамлакатни 5 йил шундай бошқарганингиз учун уялмайсизми?” деган саволига “Жавоб – йўқ, Мен Украина ва 5 йил билан фахрланаман”, деб жавоб қилган.

Амалдаги президент Украина халқининг ҳар қандай танловини қабул қилишини айтган. 

“Қадрли украин халқи, шуни таъкидлай оламанки, мен украин халқининг 21 апрелдаги ҳар қандай танловини қабул қиламан ва 22 апрелда ҳаёт давом этаверади ҳамда 22 апрелда давлатни ҳимоя қилиш учун бирлашишимиз лозим. Асосийси – давлатни йўқотмаслик”, деб айтган Порошенко. 

Украинада президент сайловларининг 2-босқичи 21 апрелда бўлиб ўтади. 18 апрелда эълон қилинган охирги рейтингларга кўра, кимга овоз беришни ўзи учун ҳал қилган сайловчиларнинг 70 фоизи Зеленскийга, 27 фоизи Порошенкога овоз беришга тайёр.

Мавзуга оид