Ўзбекистон | 15:34 / 25.04.2019
6058
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» ҳузуридаги Аккредитация марказининг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасида мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказувчи махсус ваколатли орган ҳисобланган “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” ДУК ташкил этилган.

Қуйидагилар Аккредитация марказининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказишда аккредитация жараёнининг бетарафлиги ва холислигини таъминлаган ҳолда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;

Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлигига, Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилотга ва Аккредитация бўйича халқаро форумга тўлақонли аъзо сифатида кириш;

аккредитация миллий тизимини халқаро нормалар ва мезонларга мувофиқ доимий равишда ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига риоя қилиш;

аккредитация тартиб-таомилларига тааллуқли зарур ахборотни, шу жумладан, ўзининг расмий веб-сайти орқали эркин олиш имкониятини яратиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида аккредитация бўйича ишлар натижаларининг хорижий мамлакатлар томонидан эътироф этилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриш;

аккредитациядан ўтказилган ташкилотлар ва уларнинг аккредитация соҳаси тўғрисидаги маълумотлар базасининг шакллантирилиши ва долзарб ҳолатда сақланишини, шунингдек, тегишли ахборотнинг махфийлигига риоя қилган ҳолда жамоатчиликнинг улардан фойдаланишини таъминлаш.

Мавзуга оид