Хитой нимани истаяпти? «Бир макон, бир йўл» лойиҳасидан умидлар ва хавотирлар
Синологларимиз (хитойшунос) етишмаслигиданми, илмий ҳамда оммабоп нашрларимизда Хитой ҳақида таҳлилий мақолалар жуда кам. Ваҳоланки, Ўзбекистон-Хитой вектори мамлакатимиз иқтисодиёти учун тобора катта аҳамият касб этмоқда ва ҳамкоримиз Хитой Халқ Республикаси ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишимиз керак. Шу боис, ушбу мамлакат ҳақида Kun.uz учун икки қисмдан иборат мазкур мақолани ёзишни ният қилдим.
Ўзбекистон-Хитой алоқалари
Президентимиз 2017 йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасига қилган расмий ташрифи давомида 22 миллиард АҚШ долларига тенг шартномаларни имзолаб қайтганди. Мазкур мульти-миллиард лойиҳаларнинг бир қисми амалга ошди, қолганлари ҳам амалга ошиши кутилмоқда.
Хитой ҳақида кўп эшитамиз. Аксар савдогарларимиз учун Хитой «иккинчи ватан»га айланган бўлса ажабмас. Кундалик ҳаётимизда «Made in China» доимий истеъмолимизда. Аммо ушбу мамлакат ҳақида, Хитой жамияти ҳақида атрофлича билимимиз йўқ. Ҳолбуки, Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизни яқин келажакда ўзгартириб юбориши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрганимиз йўқ.
«Бир макон, бир йўл» доирасида юртимизга келтирилган Хитой технологияси ва инвестициялари ҳақида хабарлар биз учун оддий ҳолга айланди. Аммо ушбу ташаббус келгусида қандай кўриниш олади – бу ҳақдаги мақолаларни ўзбек тилидаги нашрларда учратмадим.
Хитой – қандай мамлакат у?
— Хитой бу – дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиёти. 2030-йиллардан кейин эса катта эҳтимол билан дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланади;
— Хитой бу – дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат;
— Хитой бу – 30 йил ичида қашшоқликдан 11 триллион долларлик иқтисодга эга бўлган, ZTE вa Huawei каби брендларини жаҳон бозорига олиб чиқа олган давлат;
— Хитой бу – Америка Қўшма Штатларига ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам илмий соҳаларда рақобат қила олаётган сайёрамиздаги ягона давлат;
— Хитой – дунёдаги энг кўп доллар захираларига эга мамлакат;
— Хитой – сон жиҳатдан дунёдаги энг катта армияга эга мамлакат;
— Ўзбекистонга шу пайтгача энг кўп хорижий инвестиция киритган давлат ҳам айнан Хитой.
Рўйхатни яна давом эттириш мумкин, аммо шуниси ҳам бизга кифоя қилади.
Хитой барчани ҳайратда қолдириб, сўнгги 30 йил ичида қудратли саноатлашган давлатга айлана олди. Унинг аҳоли бошига нисбатан миллий маҳсулоти 1990-йиллар бошида Ўзбекистонникидан кам бўлган. Ҳозирга келиб Хитой ён қўшниси Россия Федерациясидан йилига салкам тўққиз баравар кўп маҳсулот ишлаб чиқаради.
Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатлар нималардан иборат?
Энергетика соҳаси. Янги минг йилликда табиий газ ва нефтимиз экспорти йўналишига Россиянинг «Газпром» компаниясига муқобил сифатида CNPC (Хитой миллий нефть компанияси) майдонга чиқди. 2009 йилда Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-ХХР ўртасида 2000 километрга чўзилган Марказий Осиё-Хитой газ қувури қурилиши бошланди. Дунёдаги энг узун газ қувурларидан бири ҳисобланган ушбу қувур биз учун рус ширкатлари билан эркин ҳолда музокара қилиш имконини берди. Шу сабаб Ўзбекистон-Хитой муносабатларида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик энг муҳим соҳа саналади. Чунки айни вақтда «Марказий Осиё Энергетика коридори»ни қуришга ҳаракат қилаётган ХХР учун ушбу газ қувури Яқин Шарқ мамлакатларидан келадиган ва АҚШ флоти назоратида турадиган Ҳинд океани энергетика йўлига муқобил вариантдир. ХХР билан газ сотиш бўйича тузилган ҳукуматлараро шартномамиз 30 йил давомида амал қилади.
Марказий Осиё давлатларидан ХХР томон тортилаётган газ ва нефть қувурлари:
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти. Ўзбекистон-ХХР давлатлараро халқаро муносабатлари ҳар икки томон учун манфаатли ривожланяпти. Бироқ бу ерда ҳолатни хира қиладиган нуқталар ҳам бор.
Кейинги пайтларда ХХР сунний мазҳабидаги мусулмонлар, Марказий Осиё халқларига жуда яқин бўлган миллий камчилик ҳисобланмиш уйғурларга нисбатан муросасиз сиёсат олиб бориши дунё мамлакатлари томонидан қаттиқ танқидга учрамоқда. 2019 йилнинг март ойида ХХР ҳукумати шу масала бўйича давлат ҳисоботини чиқарган бўлса-да, уни диққат билан ўқиган ҳар бир халқаро ҳуқуқ мутахассисида саволлар пайдо бўлади. ХХР моддий ривожланиш йўлида виждон эркинлигини чеклашда қаергача боради – бу кўпчиликни қизиқтиряпти.
Савдо ва инвестиция. 2001 йилда Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан Хитой дунёнинг янги иқтисодий ўчоғи (economic powerhouse) бўлиши айтила бошланганди. Аммо 2009 йилда илк бор Японияни ортда қолдириб, дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиётига айлангачгина кўпчилик Хитойни жиддий қабул қила бошлади. Ҳаммада битта савол пайдо бўлди: «қудратга тўлаётган Хитой дунёга қай тарзда очилади – куч биланми ёки тинчлик биланми?».
2013 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида Хитой раҳбари Ши Жинпинг Хитойнинг янги халқаро тараққиёт моделини дунёга таништирди: «Бир макон, бир йўл».
Бу қандай лойиҳа?
Яқин-яқинларгача ғарб оламидан келадиган ташаббусларга ола кўз билан қараб келган Хитой Ши Жинпинг қудратга келганидан бошлаб фаол ташаббуслар билан дунёга танилишни бошлади. Бошқача сўз билан айтганда, Хитой шу пайтгача таклиф этилган қарорларни қабул этувчи ва рози бўлувчи (rule-taker) мақомида бўлган бўлса, 2013 йилдан бошлаб у «rule-maker», яъни қоида тузувчи етакчи мақомига ўта бошлади.
Агар хитойлик машҳур сиёсатчи Денг Шаопин ўз даврида Хитойни халқаро алоқаларда «taoguang yanghui», яъни «камтарин бўлиш ва пайт пойлаш» (keep a low profile and bide your time)га чақирган бўлса, Ши Жинпинг бошқарувидаги Хитой ҳозирда халқаро меъёрлар ва институтларни шакллантиришга интилмоқда ва Хитойнинг глобал мавқега эга бўлишини қатъий таъкидламоқда. Унинг бош лойиҳаси, шубҳасиз, «Бир макон, бир йўл» ташаббусидир.
Ушбу лойиҳа, Хитой ҳукумати таъбири билан айтганда, ташаббус, Хитой президенти Ши Жинпинг томонидан 2013 йилда таклиф қилинган ривожланиш стратегияси бўлиб, Хитой Халқ Республикасини икки йўл билан Евроосиё минтақасига боғлашни мақсад қилган: «Ипак йўли иқтисодий макони» ва «21 аср Денгиз ипак йўли». Хитой ташаббусининг моҳияти Хитойни ўз ичига олган икки томонлама ва кўп томонлама механизмлар ва тузилмаларни мустаҳкамлаш орқали халқаро ҳамкорлик ва ривожланишнинг янги моделини топиш, шакллантириш ва ривожлантиришдир.
Ташаббус доирасига Евроосиё минтақасидаги 65дан ортиқ мамлакат, 4,4 миллиард аҳоли ва дунё ялпи миллий маҳсулотининг 40 фоизи кириб кетади. Уни Хитойнинг кучли молия институтлари, мисол учун Экспорт-импорт банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалик банки, Ипак йўли фонди ва Осиё инфраструктура ва инвестиция банклари қўллаб-қувватлайди.
Ташаббус негизида Хитой ички бозорининг тўйиниши сабабидан бозор топа олмай қийналаётган Хитой ширкатлари учун Евроосиё мамлакатлари ҳудудида мульти-миллиард долларлик инфратузилма лойиҳаларини вужудга келтириш, улар Хитойнинг оммавий банкларидан бериладиган имтиёзли кредитлар орқали Хитойдаги фирмалар томонидан барпо этилиши ётади, десак муболаға бўлмайди.
Агар ушбу мульти-миллиард долларлик лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, қадимий «Ипак йўли» тижорат йўлаги ҳақиқий маънода вужудга келади. Хитой ушбу тижорий йўлакни ҳамма учун очиқ ва эркин савдо қоидаларига асосланган ҳолда биргаликда барпо қилишга чақирмоқда.
Демак, «Хитой нима мақсадларни кўзлаган?», деган саволга жавоб тариқасида қуйидагиларни келтирса бўлади:
- Хитойнинг ҳаддан ортиқ ишлаб чиқариш қувватига мувофиқ қўшимча янги бозорларни топиш;
- 3 триллион АҚШ долларидан зиёд бўлган давлат потенциалидан унумли фойдаланиш;
- Хитой миллий пул бирлиги – юанни халқаро валюта даражасига кўтариш;
- Хитойнинг шарқий соҳилларига қараганда ривожланишдан ортда қолаётган ғарбий ҳудудларини ривожлантириш.
Хитой ҳукумати 2015 йил март ойи охирида ушбу ташаббусни назарий жиҳатдан белгиловчи ҳукумат ҳисоботини эълон қилган. Хитой ҳукуматига кўра, «Бир макон, бир йўл»ни биргаликда қуриш жаҳон ҳамжамияти манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, «умумий ғояларни ва инсон жамиятларини кўзлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва глобал бошқарувнинг янги моделларини излаш йўлидаги ижобий ҳаракат дунё тинчлигига ва ривожланишига янги ижобий туртки беради».
Нима бўлганда ҳам, Хитой ўз компаниялари келажакда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотиши учун Европа томон чўзилган иқтисодий йўлак қуришни режалаштираётгани аниқ. Бунинг натижасида Евроосиёдаги давлатларнинг иқтисодий юзи ғарбга эмас, Том Миллер ўзининг «Хитойнинг Осиёдаги хаёли» китобида айтганидек, Хитой томон бурилади.
Ташаббуснинг қуйидаги бешта устувор йўналишлари мавжуд:
- Чора-тадбирлар координацияси (policy coordination);
- Инфраструкура боғланиши (infrastructure connectivity);
- Тўсқинликсиз савдо (unimpeded trade);
- Молиявий интеграция (financial integration);
- Инсонларни бир-бири билан боғлаш (connecting people).
Лойиҳа қиймати 1 триллион АҚШ доллари атрофида баҳоланиб, бу сумма асосан порт, йўллар, аэропортлар, электр станциялари ва телекоммуникация тармоқлари каби инфратузилмалар қурилишига сарфланиши кўзда тутилган.
«Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг дунё харитасидаги тасвири:
БМБЙ ташаббусининг ҳуқуқий шакли, мақоми ва аҳамияти ҳақида
Мазкур ташаббусни тўғри тушуниш лозим: у Жаҳон савдо ташкилоти каби қатъий қоидалар устига қурилган савдо ташкилоти эмас. Ёинки, Япония бошчилигидаги эркин савдо йўлида тузилган Транс-тинч океани ҳамкорлик битими (Trans-Pacific Partnership Agreement) каби кўп томонлама иқтисодий битим ҳам эмас. Ёки бўлмаса, Россия Федерацияси етакчилигида қурилган Евроосиё божхона иттифоқи каби умумий божлар ўрнатиладиган иқтисодий ҳудуд ҳаммас. Хитой қатъий қоидалардан кўра эгилувчан ва юмшоқ нормаларга (soft law) асосланган ва доимо ўзгаришларга осонлик билан мослашадиган глобал ҳамкорлик тўрини қуришни мўлжаллаяпти.
«Бир макон, бир йўл»нинг энг катта ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, Хитой ғарб мамлакатлари ва «Осиё йўлбарслари»дан фарқли равишда барпо этиладиган инфратузилма ва бошқа турдаги инвестицион лойиҳаларини катта тезликда ва кўзга кўринар шаклда амалга оширмоқчи. Бу йўлда дунёнинг бошқа қудратли давлатларидан фарқли ўлароқ, Хитой миллиардлаб доллар маблағларни сарфлашдан чўчимаяпти. Мисол учун, Хитой банклари ва фондлари БМБЙ лойиҳалари учун 2016 йилгача жами 292 миллиард доллар ажратишди, биргина 2017 йилнинг ўзидаёқ бу рақам 20,1 миллиард долларни ташкил этди.
Ушбу гигант лойиҳани қандай фирмалар амалга оширяпти, Хитой банклари қандай фирмалар учун кредитлар ажратяпти, деган саволга жавобан шуни айтиш керакки, Хитой давлат корхоналари (state-owned enterprises) ушбу лойиҳадан энг манфаатдор томонлардир. Мисол учун, сўнгги уч йил ичида Хитой давлат корхоналари БМБЙ ёқасида жойлашган мамлакатлардаги 1700дан ортиқ инвестиция лойиҳаларида қатнашган. Улар қаторида China Communications Construction, China State Construction Engineering, Power China, Sinomach China Railway Construction Corporation, China Railway Group, CNPC ва State Grid кабиларни санаб ўтиш мумкин.
Эътиборли жиҳатлар
Шу билан бирга, мазкур лойиҳалар «ичида» Хитойнинг маҳаллий ҳокимиятлари томонидан ташкил этилган турли оммавий мулк шаклидаги компанияларни кўриш мумкин. Ушбу ширкатлар дунёнинг турли жойларида ўта узун кўприклар, йирик тўғонлар, қуввати катта электр станциялари, қурилиши ғоят қийин бўлган тоғ туннеллари, гигант стадионлар ва тезюрар темир йўллари барпо этишмоқда. Ушбу лойиҳалар асосан «tied-aid» шаклида, яъни бу ширкатлар БМБЙ ёқасида жойлашган давлат Хитой банкларидан миллиардлаб доллар миқдорида кредит олиши мумкин.
Аммо кўпгина ҳолатларда қарзга олинган пуллар давлат банкларига қайтарилмайди, балки ўша лойиҳани амалга оширувчи Хитойнинг давлат корхоналари ҳисобига ўтказилади. Қарз олган давлатга эса Хитой техникаси ва инфраструктураси шаклида кириб келади. Шу сабабли, Хитой пулни ўнг чўнтагидан (давлат банкларидан ёки «Ипак йўли» фондидан) олиб, чап чўнтагига (давлат корхоналари ёки бошқа Хитой ширкатлари ҳисобига) солиб қўяди, дейиш мумкин.
Бундай усул учун Хитой давлатини айблаш нотўғри, чунки бундай қарз бериш шаклини нафақат Хитой, балки Европа, АҚШ ва Япония давлатлари ҳам кенг қўллашади. Дебора Браутигамнинг «Аждарҳонинг ҳадяси: Хитойнинг Африкадаги ҳақиқий ҳикояси» номли китобида бу ҳақда тўлиқ маълумот олиш мумкин.
Хитой «Бир макон, бир йўл»ни кўп томонлама музокара эмас, балки ҳар бир давлат билан алоҳида музокара ўтказиш орқали амалга оширишни афзал кўради. Албатта, бундай ҳолатда томонлар ўртасида музокара тез ва осон битади, Хитой ўз моддий кучини усталик билан ишлата олиши учун шу тарзда замин тайёрлайди.
Биз учун бунинг эътиборли тарафи – бундай дипломатик алоқа кичик давлатлар ёки инфраструктура инвестицияси учун чанқоқ ҳолда бўлган, ривожланаётган мамлакатларни осонлик билан ўз қоидаларига оғдириб олишга имкон яратади.
Шундай бўлсада, ХХРнинг бундай ташаббус билан чиқиши ривожланаётган дунё мамлакатлари томонидан илиқлик билан кутиб олинди. Сабаби оддий: Осиё Тараққиёт банки ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда Осиё мамлакатларининг ўзида ҳар йили 800 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга эҳтиёж бор. Аммо бундай катта ҳажмдаги қурилиш ишлари учун шу пайтгача етарли молиялаштириш манбаси бўлмай келаётганди. Хитой эса айнан шундай эҳтиёжни қондириш учун «Бир макон, бир йўл»да давлатларнинг фаол иштирокини сўраяпти.
Баъзи давлатлар учун «бундан зўри бўлмайди». Чунки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар инфратузилмаси тезлик билан эскираётган давлатларга «ноқулай» шартларда маблағ ажратаётган бир пайтда, Хитойнинг деярли шартларсиз, фақат ҳукумат кафолати остида бундай катта суммаларни ажрата бошлаши ривожланаётган давлатлар учун катта имкониятларни тақдим этади.
Бироқ «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг ижобий томонлари билан бир қаторда хавотирга сабаб бўладиган жиҳатлари ҳам йўқ эмас.
«Бир макон, бир йўл» бўйича хавотирлар
1. Масъулиятли қарз бериш (responsible lending)
БМБЙ ташаббуси авваламбор АҚШ ва унинг ҳамкор давлатлари томонидан анча салбий қарши олинди. Бунинг энг катта сабабларидан бири – ХХР банклари томонидан бериладиган катта миқдордаги қарзлар ривожланаётган, кўпинча нодемократик давлатларга, Париж ёки Лондон молиявий клублари билан ҳисоблашмасдан берилиши бўлмоқда.
Париж клуби қарздор ва қарз берувчи давлат орасидаги муаммоларни ҳал этишга ихтисослашган бўлса, Лондон клуби эса қарздор давлатлар ва уларга қарз берувчи хусусий ширкатлар (ёки банклар) ўртасидаги алоқаларни бошқаришга ихтисослашган. Бу клубларга аъзо давлатлар қарздор давлат қарзи ошиб кетадиган тақдирда маълум даражада қарз беришни тўхтатади ва соғломлаштириш чораларини (қарзни кечиб юбориш ёки муддатини узайтириш каби) кўради.
Хитой бу клубларга аъзо эмас ва айнан шу туфайли ҳам маълум бир мамлакатга қарз бераётганида унинг бошқа давлатлар клубидан қанча қарзи борлигига қарамайди ва ҳисоблашмайди ҳам. Натижада, масалан, Африка ва Осиёдаги қолоқ давлатларнинг қарздорлиги яна ҳам ортади. Энг муҳими, ўзининг чет давлат ишларига аралашмаслик ва давлат суверенитетини ҳурмат қилиш тамойилидан келиб чиқаётганини айтиб, Хитой қарз берган давлатга нисбатан Жаҳон банки ёки Халқаро валюта фонди каби талабларни қўймайди, энг асосийси, «ички ишларига аралашмайди».
Хитойнинг оммавий банкларидан олинган қарзларнинг салбий оқибатларини қўшни Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари мисолида кўришимиз мумкин. АҚШдаги Глобал ривожланиш маркази тадқиқотларига кўра, «Бир макон, бир йўл» лойиҳасида иштирок этаётган давлатлар орасида 8та мамлакатнинг Хитойдан олган ташқи қарзлари хавотирли миқдорга етган, бу мамлакатлар қаторида Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор. Хитой Тожикистоннинг энг катта ташқи кредитори бўлиб, бу давлатнинг 2007-2016 йилларда ташқи қарзлари 80 фоизга ўсган. Қирғизистоннинг эса энг катта ташқи кредитори Хитойдаги «Exim Bank» бўлиб, 2016 йилда мамлакат ташқи қарзининг 40 фоизи шу банк ҳиссасига тўғри келган.
Бундай ҳолат экспертларнинг ҳам асосли хавотирларига сабаб бўлмоқда. Уларнинг фикрича, Хитой ва унинг ширкатлари ривожланаётган давлатларга узоқ муддатда тўлай олмайдиган ва барқарор бўлмаган инфраструктура лойиҳаларини таклиф қилмаслиги зарур. Чунки бу ҳолда ривожланаётган давлатлар қарзларини қайтара олмасликлари натижасида «қарз қопқони»га (debt trap) илиниб, Хитой учун турли ён беришларга мажбур бўлишлари мумкин. Танқидчиларга кўра, Шри-Ланкадаги стратегик Ҳамбантота порти Хитой томонидан қурилгач, миллиард долларлик лойиҳа пулини тўлай олмаган Шри-Ланка ҳукумати ўша портни 99 йилга Хитойга «ижара»га беришга мажбур бўлди.
Хитой тарафдорлари эса ривожланаётган давлатлар ҳукуматлари Хитой таклиф этаётган лойиҳалар тўловини келажакда қайтариш имкони бўлмаса, бундай таклифни қабул қилмасликлари лозимлигини айтишмоқда. Қарши тараф эса Хитой ҳукумати ва унга алоқадор фирмаларнинг ўта ёпиқлиги, шаффоф эмаслиги, маълумотлар ошкор этилмаслиги, «Бир макон, бир йўл» лойиҳасига оид инфратузилма лойиҳалари бўйича ўтказиладиган тендерларга қатнашиш қийинлиги ва лойиҳаларни амалга оширадиган давлатлар учун хатарлар юқорилигини танқид қилади.
2. Ношаффофлик ва коррупция
«Бир макон, бир йўл» бўйича энг кўп танқидлар Хитойнинг молиялаштириш лойиҳалари ношаффоф ва шубҳали қўлга киритилганига оид. Хитой ҳукумати асосан маҳаллий компаниялардан ҳам «қорароқ» бўлган юқори даражадаги давлат бошлиқлари билан, аниқроқ айтганда сиёсий элита билан ишлашни хуш кўриши кўпчиликка маълум.
Инфратузилма лойиҳалари ёпиқ эшиклар ортида, аҳолига етарлича маълумот берилмасдан тузилиши кўп кузатилади. Лойиҳалар етарлича машварат этилмагани оқибатида келажакда кўплаб муаммолар келиб чиқиши хавфи, хусусан коррупция урчиши мумкин бўлади.
«Бир макон, бир йўл»га оид катта инфратузилма лойиҳалари бўйича аллақачон коррупция ишлари кўзга кўриниб қолган. Мисол учун, Хитойдаги фирмалар томонидан қурилган электр станциясидаги муаммолар юзасидан Хитой қурилиш фирмаларидан пора олганликда айбланиб Қирғизистоннинг юқори мансабдаги мулозимлари қамоққа олинган.
Бошқа мисол. Малайзиянинг собиқ бош вазири Нажиб Раззоққа тегишли экани айтиладиган компаниялар «Exim Bank» томонидан Малайзиядаги БМБЙ доирасида амалга оширилаётган қувур ётқизиш лойиҳаси пулларини ноқонуний ўзлаштиргани ошкор бўлди ва ҳозирда собиқ бош вазирга нисбатан жиноят иши давом этмоқда.
3. Экологияга таъсири
Кейинги масала – Хитой компаниялари томонидан атроф-муҳитга нисбатан эҳтиётсиз муносабатда бўлиш, стандартларга амал қилмаслик. Бу муаммо Хитой ширкатларининг кейинги пайтларда технологик ривожланиши натижасида бирмунча камайган бўлса-да, хавфлар ҳамон мавжуд. ХХР ширкатларининг атроф-муҳитга нисбатан бундай муносабатини яхши англаган Италия ҳукумати 2019 йил март ойи сўнгида БМБЙга оид меморандумда табиатга оид алоҳида модда киритгани бежиз эмас.
4. Рақамли технологиялар хавфи
«Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг диққатга сазовор жойи шундаки, у нафақат қуруқлик ва денгизда, балки дижитал соҳада ҳам маркази Хитой бўлган ҳамкорликни таклиф этади. Хитой бу соҳада «Дижитал ипак йўли» қурилишини барча биргаликда амал оширишига чақирмоқда. Бу соҳада Хитойнинг Huawei, ZTE, China Telecom, China Mobile ширкатлари аллақачон дунёга танилиб улгурган.
Huawei ширкатининг бошқа кўплаб ширкатлардан ҳам ўзиб кетиб, 5G мобил алоқа авлодини ишга туширишга интилиши шу пайтгача рақамли гегемон бўлган АҚШ, Европа давлатларини чўчитиб юборди. Huawei ширкати томонидан ривожланган дунё мамлакатларига тақдим этилаётган рақамли технология орқали ушбу ширкат Хитой ҳукуматига маълумот етказаётгани ҳақида тарқалган хабар оловга керосин қуйди. Huawei ширкати бошлиғининг қизи ҳозирда Канада прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда.
Шундан кейин нафақат АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари ва Япония Huawei технологиялари мамлакат ичкарисида қўлланилишига миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан чекловлар жорий этишди.
Хитой ширкатларининг арзон ва қулай шартлар асосида телекоммуникация технологиялари, фибер симлари ва уларга оид хизматлари кўрсатилиши дунёнинг энг камбағал мамлакатларида катта қувонч билан кутиб олинди. Бу ерларда Хитой ширкатлари катта инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириб, аҳоли турмуш даражасини оширишда ҳисса қўшаётганини инсоф билан қайд этиш зарур.
Бироқ муаммо шундаки, ривожланган ғарб, Япония ва Корея Республикаси давлатларидан фарқли ўлароқ Хитой сиёсий тузилмасида ширкат ва давлат ўртасида алоҳида узвий алоқа мавжуд бўлиб, Хитой коммунистик партияси ширкатлардан мутлақ садоқатни талаб қилади.
Натижада дунё бўйлаб ўз бизнес фаолиятини юритаётган хитойлик тадбиркорлар Хитой сиёсатини қўллайдиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбур. Агар бу масала рақамли соҳада ҳам юз берадиган бўлса, унда дунёдаги миллионлаб, Хитой рақамли технологиясидан фойдаланувчи аҳоли ҳақидаги маълумотлар Хитой ҳукумати қўлига ўтиб кетиши ва коммунистик партия томонидан назорат қилиниши хавфи пайдо бўлади.
Ғарб, Япония, Корея ширкатлари эса хусусий ҳисобланиб, инсоннинг шахсий маълумотларини сақлаш бўйича қонунлар ва ички меъёрларга амал қилишади. Бу ширкатлар қонунни бузса жамоатчилик бундан хабар топиши эҳтимоли юқори. Аммо Хитой ҳукумати билан ҳамкорликда ишлайдиган компанияларнинг ишлари қаттиқ яширилади.
Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси дунё мамлакатлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиляпти. Биз ҳам бу лойиҳа тафсилотларини билишимиз, воқеалар ривожини синчковлик билан кузатишимиз лозим, деб ҳисоблайман. Энг муҳими, биз учун «Бир макон, бир йўл» қайси ўринда фойда-ю, қайси ўринда хавф – шуларни билиб туришимиз лозим.
(давоми бор...)
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин
Алишер Умирдинов,
Нагоя иқтисодиёт университети (Япония), Бизнес ҳуқуқи факультети профессори,
«Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.
Мавзуга оид
15:03 / 10.12.2024
Хитой коронавирус Уҳан лабораториясида яратилганини рад этди
15:02 / 10.12.2024
Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
20:48 / 09.12.2024
Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи марта Си Жинпинг билан суҳбатлашди
19:51 / 24.04.2023