Жамият | 21:18 / 24.05.2019
16520
6 дақиқада ўқилади

3 нафар иштихонлик  ёшларнинг жиноятга қўл уришига ишсизлик сабаб бўлмаган!

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 126 минг 106 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 41 минг 330 нафарини ёшлар ташкил этади. Ҳудуддаги ёшларнинг 8 минг 349 нафари фан, таълим, маданият, санъат ва ижтимоий соҳанинг турли йўналишларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ишсиз ёшлар эса 8 минг 305 нафардан иборат. Шунингдек, 467 нафар ёшлар ўқиш ва ишлаш мақсадида хорижга чиқиб кетган. 2018 йилда 8 минг 103 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 5 та меҳнат ярмаркаси, 170 та очиқ мулоқотлар ташкил этилган. Ҳозирги кунга қадар 230 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилаётган бўлса, 58 нафар ёшлар ҳунармандчиликка жалб этилган. 64 нафар ёшлар касаначилик бўйича фаолият юритади.

Ўтказилган меҳнат ярмаркалари орқали 52 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди. 47 нафар ёшлар деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида иш бошлади. Иштихон туманида эса 248 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 146 минг 769 нафарини ёшлар. Ҳудуддаги ёшларнинг 5 минг 914 нафари фан, таълим, маданият, санъат ва ижтимоий соҳанинг турли йўналишларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ишсиз ёшлар эса 3 минг 520 нафардан иборат. Шунингдек, 341 нафар ёшлар ўқиш ва ишлаш мақсадида хорижга чиқиб кетган. Ҳозирги кунга қадар 284 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилаётган бўлса, 49 нафар ёшлар ҳунармандчиликка жалб этилган. 50 нафар ёшлар касаначилик бўйича фаолият юритади. Ўтказилган меҳнат ярмаркалари орқали 47 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди, 43 нафар ёшлар деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида иш бошлади.

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ва жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги мудҳиш воқеа кўпчиликнинг дилини хира қилди. Ҳаётда ўз йўлини топа олмай, ёшлигини завол топтириб, умрини нафсига ўлжа қилган иштихонлик ва қўшработлик бўлган 3 нафар йигитлар  ҳуқуқий маданиятининг пастлиги ва бировнинг ҳақига осон эга чиқиш илинжи сабаб панжара ортида боши эгик. Бугун улар шу жиноятни содир этмаганида иштихонлик бир оиланинг 5 нафар аъзоси ҳаётдан бевақт кўз юммаган бўлар эди. Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва ёшлар ўртасидаги бу каби иллатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида “Ёшлар пресс клуби”нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. “Самарқанд вилоятида ёшлар жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари таҳлили” мавзусидаги очиқ мулоқотда  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов, “Нуроний” жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Азизовлар спикер сифатида қатнашди.

Самарқандда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича масъуллар фаолияти, олиб борилаётган амалий ишлар ва бу борада эришилаётган натижалар спикерлар ва иштирокчилар томонидан танқидий таҳлил этилди. Иштихон туманида 141 та носоғлом муҳитга эга оилалар мавжудлиги қайд этилди.

—Самарқанд вилоятидаги ёшлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, ўтказилаётган “Тунги рейд”, “Тиғ рейди” ва “Давомат рейд”лари орқали бу иллат ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 30 фоизга камайган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов.

Қизғин муҳокамада Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов атиги 22 млн сўм эвазига бутун бошли бир оиладаги 5 нафар шахснинг ёшлар томонидан ўлдирилганлиги “Қилаётган лойиҳаларимиз, тадбирларимиз самара бермаяптими?” деган саволни келтириб чиқараётгани, жиноятнинг илдизи ишсизликка эмас, аксинча оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалишини таъкидлади. Шунингдек, 3 нафар ёшлар туманда узумчилик билан шуғуллангани, уларнинг йиллик даромадлари камида 55 миллион сўмни ташкил этиши ҳамда бу жиноят осон ва мўмай даромад топиш илинжида содир этилгани билан боғлиқ маълумотлар келтирилди.

Мулоқотда айтилишича, 2018 йил “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ишчи гуруҳи туманда манзилли рўйхат тузиш бўйича ана шу ёшларнинг уйига ҳам ташриф буюрган. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича имтиёзли кредитларни таклиф этишган. Аммо улар кредитга эҳтиёжлари йўқлигини билдириб, таклифни рад қилишган.

Очиқ ва шаффоф суҳбат якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

—Бугун вилоятимизда рўй берган жиноятчиликнинг ёшлар томонидан амалга оширилгани барча мутасаддиларни сергакликка чақирди. Вилоятнинг ҳамда туманнинг 4 та сектор раҳбарлари билан жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини муҳокама қилдик. Келгусида фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва Ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олдик, – дейди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилмурод Қурбонов.

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид