Жамият | 18:36 / 27.05.2019
12751
2 дақиқада ўқилади

«Молочная кухня» иши: корхона ери кимники эди? Суд иши давом этмоқда

27 май куни Чилонзор туман маъмурий суди «Молочная кухня» иши  бўйича эшитувни давом эттирди. Унда компания раҳбари Шуҳрат Қаюмов мулкнинг ўзига тегишли эканини, бунга қадар Давлат рақобат қўмитасининг даъвосига кўра низолашганини билдирди ва тегишли ҳужжатларни тақдим этди.

Республика ДСЭНМ раҳбари «Молочная кухня» бренди остида иш олиб борган Diyor Biznes МЧЖ фаолиятини тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор чиқаргач, ушбу қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш учун компания вакиллари судга мурожаат қилганди.

Гап шундаки, ДСЭНМ компания фаолиятини тўхтатиб қўйишда турли важлар, хусусан Тошкент вакцина ва зардоблар ишлаб чиқариш илмий текшириш институтида («Молочная кухня» корхонасига яқин ҳудудда)  атроф-муҳит учун катта хавф мавжудлигини таъкидлаган.

Суд мажлисларида эса тадбиркор Шуҳрат Қаюмов айнан таҳдид ва атрофга хавф етказиши мумкин бўлган ҳайвонлар қабристони мавжудлиги ёхуд хавфли препаратлар сақланиш омбори ҳақида  асосли маълумотлар талаб қилди.

ДСЭНМ томонидан текширув ўтказишга розилик берган Бизнес-Омбудсман институти вакилининг айтишича, юқори даражадаги хавфнинг мавжудлиги ҳақида (судда номи ошкор этилмаган) ташкилот маълумот берган.

27 май куни эса Шуҳрат Қаюмов тадбиркорлик қилиб келаётган ер-майдон бўйича Давлат рақобат қўмитаси  билан узоқ вақт низолашганини таъкидлаб, ваниҳоят суд орқали ҳақиқат тикланганини таъкидлади.

Судья Тошкент вакцина ва зардоблар ишлаб чиқариш илмий текшириш институти  майдонида мавжуд, дея қаралаётган ҳайвонлар қабристони ҳақида батафсил ўрганиш учун Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва кадастри бошқармаси  вакилини судга чақиришга қарор қилди.

Суд ўз ишини 31 май куни давом эттиради.

Мавзуга оид