Жамият | 20:20 / 03.06.2019
9574
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги коллеж ўрнида вилоят кўз касалликлари шифохонаси ишга тушди

Бухоро тиббиёт коллежининг бўшаб қолган биноси қайта реконструкция қилиниши натижасида бу ерда 50 ўринга мўлжалланган замонавий шифохона барпо этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Барча қулайликларга эга Бухоро вилоят кўз касалликлари шифохонасининг янги уч қаватли биноси қурилишини «Омега Агро Строй» МЧЖ бунёдкорлари амалга оширди. Бу мақсадда маҳаллий бюджетдан 5 млрд 200 млн сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, шифохона 1,2 млрд сўмлик замонавий тиббий диагностика воситалари, жиҳозлар билан таъминланди. 

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Янги бино шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам қатор қулайликларга эга, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев. — Шифохонада беморлар учун махсус ва умумий хоналар мавжуд. Энг муҳими, одамларнинг оворагарчилигига нуқта қўйилди. Бу шарт-шароитлар беморларга ўз вақтида малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради». 

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шифохонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ўктам Барноев, республика кўз микрохирургия жарроҳлик маркази ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбар-ходимлари, вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Энди вилоят кўз касалликлари шифохонасининг янги биноси аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга кўз касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий илғор усуллари қўлланилади.

Мавзуга оид