Инглиз тилини ўрганишда қўл келувчи 8 замонавий тажриба
Siri' билан суҳбат, севимли қўшиқлар, фильмлар ва ўйинлар инглиз тилидаги билимларни ривожлантиришда қўл келади.
1. Ўзингиз билан инлиз тилида гаплашинг
Чет тилида амалиёт етишмаслиги уни ўрганишга тўсиқ бўлувчи энг муҳим омиллардан биридир. Бу муаммони ўз-ўзи билан доимо ва ҳар нарса ҳақида инглиз тилида суҳбатлашиш орқали бартараф этиш мумкин. Бизга ҳамсуҳбат ҳам керак эмас, фақат ташлаб қўймаслик лозим. Масалан, тонгда ишга отлана туриб нима қилаётганингиз ҳақида ўзингизга инглиз тилида такрорлайсиз: «Now I wear trousers and a shirt, I put on shoes, I close the door, I take a taxi» («Ҳозир мен шимимни ва кўйлагимни кияман, пойабзалимни кияман, эшикни қулфлайман, такси тўхтатаман») ва шунга ўхшаш.
Худди она тилида ўйлаганингиз каби инглиз тилида ҳам фикрлашни машқ қилинг. Мабодо бирор сўзни билмасангиз ёки хаёлингизга келмаса, таржимон дастурлар ёхуд Google Assistant'дан фойдаланинг. Шу йўсинда фикрларни тўғри ифода этишни ўрганасиз, янги ибораларни ёд оласиз ва келажакда ҳақиқий суҳбатдош билан ўтадиган мулоқотда ўзингизни эркин ҳис қиласиз.
2. Блог, Instagram, Twitter'ни инглиз тилида юритинг
Бугунги кунда кўпчилик интернет фойдаланувчилари ўз блоглари, Instagram, Facebook, Twitter саҳифалари ва гуруҳларига эга. Бу ҳам тил ўрганишда ўз ҳиссани бермай қолмайди. Мисол учун, сиз бир вақтда 2 хил саҳифа юритишингиз мумкин: ўзбек тилида ва инглиз тилида. Узундан-узун постлар эълон қилиш мутлақо муҳим эмас, асосийси уни доимий бажаришдир, масалан кунда бир марта. Бу орқали сиз сўзларни бехато ёзишни, фикрларни «қоғозда» баён этишни ва кузатувчилар билан мулоқотда бўлишни ўрганасиз.
Бундан ташқари, чет тилида юритилган канал ўзига кўпроқ фойдаланувчилар жалб қилиши ва сизга машҳурлик олиб келиши ҳам мумкин.
3. Виртуал ёрдамчи хизматидан фойдаланинг
Инглиз тилида сўзлашишни бошлашнинг яна бир усули — виртуал ёрдамчилар хизматларидан фойдаланишдир: Google Assistant, Siri, Amazon Alexa ва Google Cortana. Улар нафақат сизга керакли маълумотни тақдим этади, балки диалогда ҳам қатнаша олади. Мунтазам равишда уларни ишлатиб инглиз тилида мулоқотда бўласиз, саволлар берасиз ва жавобларни тушуниб олишга ҳаракат қиласиз. Асосий афзаллик эса талаффузда бехато гапиришни ўрганасиз.
4. Кундалик тутинг
Кундалик юритиш чет тилини ўзлаштиришнинг самарали усулидир. Чиройли блокнот сотиб олинг ва ҳар куни ўз орзуларингиз, ўйлар, вазифаларингиз ҳақида инглиз тилида ёзиб боринг. Хоҳ у 5та оддий гапдан иборат бўлсин, хоҳ унда грамматик хатолар бўлсин, сиз шу ҳолатда ўсиш суръатингизни оширасиз. Адашишдан қўрқманг, кундаликка сизни камчиликларингиз билан ҳам тушунувчи дўст сифатида қараб, фикрларингиз оқимини тўхтовсиз ифода этишга ҳаракат қилинг. Сизнинг мақсадингиз инглиз тилида ёзишни ўрганиш.
5. Инглиз тилидаги аудио-китоб тингланг
Аудикитоблар мутолаани ёқтирмайдиган китобсеварларнинг (ҳа, шундайлар ҳам учраб туради) севимли дўсти. Чет тилини ўрганишда уларнинг ёрдамини эътироф этмай илож йўқ. Аудиокитоб чет тилини тинглаб тушунишга, нотаниш сўзлар маъносини англашга ва нутқни шакллантиришга катта ёрдам беради.
Ўз билим даражангиздан келиб чиқиб аудиокитоб танланг. Бошловчилар учун Гекльберри Финн ёки Оливер Твист мос келади. Ўрта даражада билимга эга изланувчилар Фрэнсис Элиза Бёрнеттнинг «Сирли боғ» (The Secret Garden) ёки Жероме К. Жероменинг «Қайиқдаги уч киши» (Three Men in a Boat) каби асарларни тинглашлари мумкин.
Ҳозирги кунда аудиокитобларни бепул тинглаш ва кўчириб олиш имкониятини берувчи кўплаб сайтлар мавжуд:
6. Ўйинлар орқали тил ўрганинг
Ҳаттоки кичик танаффус ёки ҳордиқ вақтида инглиз тилини ўрганишда давом этиш мумкин. Wikium ёки Learnenglishkids кичик ўйинлар орқали хотирангизни ўстиришингиз, тезкор жавоб қайтариш ва эътиборингизни яхшилаш имконига эгасиз. Сайтнинг инглиз тилидаги талқинини танланг ва вазифаларни бажаринг. Жумбоқларни ечиш сиздан инглиз тилидаги сўз ва атамаларни тез вақт ичида ёд олишни талаб этади, бунинг эвазига хоҳлаган севимли компьютер ўйинингизни инглиз тилида ўйнаш имкони берилади. Бу усул бир вақтнинг ўзида ҳам дам олиш, ҳам билим эгаллашга кўмаклашади.
7. Инглиз тилидаги сериал ва фильмларни субтитрлари билан томоша қилинг
Тил ўрганишнинг яна бир самарали йўли инглиз тилидаги сериалларни кадр остидаги ёзувлари билан биргаликда томоша қилишдир. Бу чет тилини эшитиб тушунишга, янги сўзларнинг ёзилишини ва тўғри талаффузини эгаллашга хизмат қилади.
Уларни ҳам ўз билим даражангизга қараб танлаб олишингиз мумкин. Интернет тармоғида инглиз тилидаги фильм ва сериалларга мўлжалланган сайтлар керагидан ортиқ. Биз бошланишига қуйидагиларни тавсия этамиз:
8. Севимли қўшиқчингиз билан биргаликда куйланг
Қўшиқлар — тил ўрганишнинг ажойиб воситаси. Севимли қўшиқчи ёки гуруҳ билан биргаликда куйлаб сўз ёдлаш, мазмунни тушуниш ва талаффузни ўстириш мумкин.
Ушбу сайтларда жуда кўп қўшиқлар матнларини учратишингиз мумкин:
Шунингдек, Shazam дастуридан ҳам фойдала оласиз. У нафақат қўшиқларни излаб беради, балки сизга сўзларни тақдим этиб, ижрочи билан куйлаш имкониятини яратади.
Хулоса
Тил ўрганишнинг асоси тизимлиликдан иборат. Одатларингизни биз ўргатгандай ўзгартиринг ва тез орада унинг самарасини пайқайсиз. Сўз бойлигингиз, талаффуз қобилиятингиз ва тинглаб тушунишга оид билимларингиз ошиши кафолатланган. Қолаверса, бу тавсиялар катта вақт ва куч талаб этмайди.
Назокат Қаршиева тайёрлади
Мавзуга оид
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
16:56 / 02.12.2024
Oxford луғати 2024 йил сўзини танлади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
12:07 / 23.10.2024