Жаҳон | 22:20 / 23.06.2019
26457
2 дақиқада ўқилади

Истанбул барибир мухолифатники. Имомўғли такрорий сайловларда ҳам ғолиб бўлди

Туркияда мухолифат ҳисобланувчи Халқ-республикаси партияси вакили Акром Имомўғли Истанбул мэрлиги учун ўтказилган такрорий сайловларда ҳам ғолиб бўлди. Бюллетенларнинг 99 фоизи ҳисоблаб чиқилганда 53,9 фоиз овоз олгани маълум бўлган Имомўғли сайловда ғолиб бўлгани эълон қилинди.

Туркиянинг асосий шаҳри мэрлиги учун сайловларда Имомўғлига мамлакатнинг собиқ бош вазири Биноли Йилдирим рақиблик қилганди. У 45,2 фоиз овоз олган.

Биноли Йилдирим Имомўғлини ғалаба билан табриклади.

«Рақибни сайловлардаги ғалабаси билан табриклайман. Бу сайловлар мамлакатимизда демократия ҳукмрон эканини яна бир бор исботлади. Имомўғлига Истанбулни бошқаришида омад тилаб, халқ хизматидан чарчамаслигини тилайман», деди Йилдирим.

Маълумот учун, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 1994 йилда сиёсий фаолиятини айнан Истанбул мэри сифатида бошлаган ва у бу шаҳардаги ғалаба сайловдаги энг муҳими эканини яширмаган. «Агар Истанбулда ғолиб бўлсанг, демак Туркияда ғолиб бўлдинг», деганди хусусан Эрдўған бу ҳақда гапирар экан.

Айни дамда 17 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Истанбул Туркиянинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази ҳисобланади.

Март ойида Истанбул мэрлиги учун ўтказилган биринчи сайловларда ҳам Акром Имомўғли ғалаба қозонган, лекин Туркия марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнида қоидабузарликлар қайд этилгани важи билан натижаларни бекор қилганди.

Эътиборли жиҳати, такрорий сайловларда Имомўғли олдингисидан ҳам кўпроқ овоз олди. Уни биринчи сайловларда сайловчиларнинг 48,8 фоизи қўллаб-қувватлаганди.

Мавзуга оид