Жамият | 17:07 / 04.07.2019
8991
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби - Зомин семинари бўлиб ўтмоқда

Кеча, 3 июль куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги "Ўриклисой" оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Республика семинари бошланди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Ижод" жамоат фонди ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда 200 га яқин ёш ижодкорлар, адабиётшунос олимлар ва бошқа таниқли ижодкорлар иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Анжуманда ёш ижодкорлар учун бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти ва адабий танқид каби йўналишларида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

"Ёш ижодкор ўз истеъдодига бўлган ишонч ва шубҳа туйғулари орасида яшайди. Бу ҳодиса эса ҳар бир истеъдодга хос. Ижодкор илҳом келганда ва шу илҳом билан яхши бирор асар ёза олганида истеъдодига ишончи ортади, аммо у ўзига танқидий кўз билан қараган, ижодини жаҳон адабиёти қолипларига солган пайтда истеъдодига нисбатан шубҳалар ортиб кетади. Кўпчилик ижодкорлар мана шундай танқидий қараш ва йирик қолиплар ўлчовида ўзини йўқотиб қўяди. Бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз.

Кўп ижодкорлар ўзидан Навоий, Пушкин, Толстой ёки Ҳемингуэй чиқмаслигини билиб ижод оламини тарк этади. Ҳолбуки жаҳон миқёсида бўлмаса-да катта ёзувчилар чиқиши мумкин. Чунки адабиётда ҳар бир ёзувчининг ўз ўрни бор. 

Бу семинарлар ижодкорнинг ўз истеъдодига тўғри қараш ва тўғри баҳони қўя олиш имконини беради”, деди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Семинарнинг маҳорат дарслари қисмида таниқли ёзувчи ва шоирлар ўзбек адабиётида етишиб чиқаётган ёш ижодкорларга хос умумий қиёфа борасида ҳам тўхталишди. Хусусан, ёзувчи Собир Ўнар фикрича, семинардаги ёшлар ичида янгича фикрлайдиган, адабиёт ҳақида жиддий ўйловчи ва бу оламнинг юкини ҳис қилувчи ёшлар бор, аммо уларнинг барчасига хос камчилик - улар жуда кам ўқишади, ўқиганлари орасида катта бадиий асарлар кам. 

"Улар асосан Муҳаммад Юсуф ижоди билан таниш, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмонларни эса яхши билишмайди", дейди у.

Ёзувчи Баҳодир Қобул эса ижодкорларга Навоийни кўпроқ ўқишни тавсия қилди. 

Ёзувчининг айтишича, Навоийни ўқиш, тушуниш учун аввало Қуръон ва Ҳадис илмини билиш керак. Бусиз Навоийни англаш мумкин эмас.

Семинарда адабий танқид йўналиши тренери сифатида иштирок этаётган Баҳодир Каримов иштирокчиларнинг адабий танқид масаласидаги саволига қуйидагича жавоб берди: "Адабий танқид нима? У - замонавий адабий муҳитни баҳолаш. Хўш, нега бугунги ўзбек адабиётида адабий танқиднинг ўрни сезилмаяпти? Чунки бугун газета ва журналлар ёки ОАВнинг бошқа турларида адабий намуналар сони кўпайиб кетди. Биз умумий хулоса беришга улгура олмаяпмиз. Ижодкорларни эса ҳаммасини ҳам танийвермаймиз.

Назаримда, адабий танқидчи бўламан деган ёш ижодкорга ўқиш, фикр машаққатини, танқидни ўргатишимиз керак. Умуман, бу йўналишга кираётган киши борки, адабиётнинг назарий билимлари билан жуда яхши қуролланиб олиши керак. Бусиз унинг келажаги йўқ ", дейди адабиётшунос олим.

Замонавий ўзбек шеъриятининг таниқли вакилларидан бири Хосият Рустамова эса ёш ижодкорлар ва уларнинг ижоди борасидаги ўз кузатишларини қуйидагича ифодалади: "Шеър ёзган ҳар бир киши бу шоир дегани эмас. Мен ана шу ҳақиқатни ёшларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Мен уларда кузатаётган камчилик бу - дангасалик. Бу нимада кўринди? Улар чет тилларини билишмайди. Улардан сўрайман, наҳотки сизларга катта асарларни ўз тилида ўқиш қизиқ бўлмаса, дея. Чунки ҳар қандай асар таржимон тилида албатта ўзгаради. Таржима асарда ўқувчи ёзувчини эмас, таржимонни ўқийди.

Ахир, ўз вақтида Шавкат Раҳмон ҳам ўқишни истаган асарининг ҳақиқий сеҳрини сезиш учун испан тилини ўрганган эди".

Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари шу каби маҳорат дарслари, қизиқарли мушоира кечалари билан давом этмоқда. 

Семинар эртага ўз ишини якунлайди.

Илёс Сафаров

Мавзуга оид