Light | 17:55 / 12.07.2019
7561
4 дақиқада ўқилади

Ҳамкасб билан бўлган ёқимсиз суҳбатдан кейин нима қилиш керак?

Ҳар биримизда бирор марта бўлса-да шундай суҳбатлар бўладики, ҳамма гапни айтишга айтиб қўйиб, ҳаракатларимиз атрофдагиларда қандай таассурот уйғотганини ўйлаб ачинамиз. Бу бизни салбий ҳислар домига тортади. Ундан эса чиқиш осон эмас.

Фото: Getty Images

Harvard Business Review ана шундай омадсиз суҳбатлардан кейин муносабатларни тиклаш бўйича бир неча усуллар билан ўртоқлашди.

Айбингизни тан олинг ва вақт беринг. Агар суҳбатдошингиз билан ўртангиздаги баҳс сиз истаган нарса билан тугамаганини тушунган бўлсангиз, суҳбатдошингизни ёлғиз учрашувга таклиф этинг. Ўз ҳаракатларингиз учун масъулиятни зиммангизга олиб, нотўғри иш тутганингизни айтинг. Қаттиқ танқид қилдингизми, мессенжерда хабарларга кўмиб ташладингизми – бунинг аҳамияти йўқ. Келажакда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун содир бўлганларни батафсил муҳокама қилишни истаётганингизни айтинг.

Ёдингизда бўлсин, ҳамкасбингиз айтганларингизни яхшилаб ўйлаб олиши учун вақт сўраши мумкин. У бўлиб ўтганларни айни вақтда ёки кейинроқ муҳокама этишга тайёрлигини тушунишга ҳаракат қилинг. Агар ортга сурмай, дарҳол хатоларингизни тан олсангиз, ҳамкасбингиз камчилик ва кучсизликларингиз устида иш олиб боришга бўлган интилишингизни тушунади.

Кечирим сўранг ва миннатдорчилик билдиринг. Кўпчилик йўл қўйилган хатодан кейин оддийгина кечирим сўрашнинг ўзи етарли деб ҳисоблайди. Бироқ «Кечир» сўзининг ўзи муносабатларни тиклаш учун етарли эмас. Ҳамкасбингизнинг умумий ишга қўшаётган ижобий ҳиссасини тан олсангиз, ўзининг қимматли ходим эканини ҳис этади. Кечирим сўраганингиздан кейин ҳамкасбингизнинг суҳбат вақтидаги эзгу истаклари ва ҳаракатлари, масалан сизни диққат билан тинглагани учун унга миннатдорчилик билдиринг.

Умумий мақсадни айтиб ўтинг ва ишонтиришга ҳаракат қилинг. Муваффақиятсиз суҳбат мавзусида ўралашиб қолманг. Бунинг ўрнига диққатингизни энг муҳим нарса – умумий мақсадларга қаратинг. Масалан, ҳамкасбингиз билан ҳамкорлик қилишга бефарқ эмаслигингизни билдиринг. Чунки барча мижозларингиз учун сиздаги билим ва кўникмалар жуда муҳим. Ҳамкасбингиздан у муносабатлардан қандай хулоса чиқаришни истаётганини сўранг ва биргаликда олға ҳаракат қилишда ёрдам берадиган умумий мақсадни аниқлашга ҳаракат қилинг.

Хатолар устида ҳамкорликда иш олиб боринг. Келажакда ана шундай хатоларнинг олдини олиш имконини берадиган усулларни биргаликда ишлаб чиқинг. Эҳтимол, ҳамкасбингиз сизнинг соҳангизга тегишли ғояни омма олдида айтишдан олдин сиз билан шахсан масалаҳатлашиши керакдир. Сиз эса ҳамкасбингизга учрашувнинг кун тартиби ҳақида маълумот беришингиз мумкин. Ана шундай қилсангиз, унда тайёрланиш имконияти  мавжуд бўлади.

Агар учрашув ва муҳокамалар вақтида салбий реакцияни намойиш этишга мойил бўлсангиз, ҳамкасбингиздан сизни огоҳлантирувчи бирор белги беришини сўранг. Масалан, ўзингиздан чиқишни бошласангиз, ҳамкасбингиз «Керакли саҳифани топа олмаяпман, ёрдам бермайсизми?» қабилидаги имо-ишора сигналини кўрсатиши мумкин.

Ресурсларингизни муносабатларга инвестиция қилинг. Афсуски, келаси учрашув албатта бир текисда ўтишига ҳеч қандай кафолат мавжуд эмас. Муносабатларингизга бўлган ишончга путур етказдингиз. Ҳатто юқорида айтилган барча қадамларни бажарган бўлсангиз-да, сиз ва ҳамкасбингизда ёқимсиз хотиралар эсга олиниши эҳтимоли мавжуд. У бутунлай йўқолиши учун вақт зарур.

Ишончни оқлаш ва муносабатларни тиклашни тезлаштириш усулларидан бири – бир-бирингизга кичик ёрдам бериш. Ҳамкасбингиздан ёрдам сўраганингизда ана шу ёрдамга эҳтиёжингиз борлиги ва уни қай даражада қадрлашингизни кўрсатасиз. Ўзингиз худди шундай ёрдам кўрсатганингизда эса буни иккитомонлама жараёнга айлантирасиз. Шундай қилиб, ишончга замин яратилади.

Ёқимсиз суҳбатдан кейин ана шундай ҳолга тушсангиз, юқорида тасвирланган усуллардан фойдаланинг. Биз ўзимизнинг салбий фикр ва сўзларимиз ҳукми остида қолишимиз мумкин. Бироқ хатоларингизни тўғрилашга ҳаракат қилсангиз, жамоадаги алоқаларни мустаҳкамлашингиз ва ҳамкасблар ҳурматига сазовор бўлишингиз мумкин.

Мавзуга оид