Ўзбекистон | 07:35 / 17.07.2019
28968
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Тергов қўмитасини ташкил этиш таклиф қилинди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг янги Сиёсий дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасига бағишлан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Анжуманни партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров очиб, барчани муҳокамада амалий таклифлар билан фаол иштирок этишга чорлади. 

Йиғилишда таъкидланганидек, партиянинг 2009 ҳамда 2014 йилдаги сайловолди дастурларида кўтарилган бир қатор муҳим ташаббус ва ғояларнинг аксарияти ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси президентининг қарор ва фармони, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ижрога йўналтирилди. Мамлакатни инновацион иқтисодиётга асосланган ҳолда ривожлантириш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик, ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида “электрон ҳукумат”ни йўлга қўйиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш асосида рақобатли энергетика бозорини ташкил этиш, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган хизматларни (трансплантация, ЭКО) кенг йўлга қўйиш каби масалалар шулар жумласидандир. 
 
Видеоселектор йиғилишида фаоллар ва ҳудудий студиядаги иштирокчилар қуйи бўғинда шаклланган таклифларни умумлаштирилган ҳолда билдириб ўтишди. 

Жумладан, дастурий мақсадларда қайд этилганидек, жамиятда ва ҳар бир инсон учун адолатни таъминлашда суд-ҳуқуқ соҳаси муҳим аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, иштирокчилар суд тизимини янада такомиллаштиришга доир таклифларни илгари суришди. Яъни туманлараро судларни тугатиш, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ягона одил судлов органига бирлаштириб, Олий суд билан бир хил тизимдаги умумюрисдикция судларини яратиш лозимлиги эътироф этилди. 

Анжуман иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда барча тергов идораларини бирлаштириб, ягона тергов органини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, суд тизимида инсон омилини иложи борича камайтириш зарурлиги, суднинг очиқ ва шаффофлигини таъминламасдан туриб судларни адолат қўрғони сифатида шакллантириб бўлмаслигига эътибор қаратилди. 

Тадбирда фикр билдирганлар томонидан, таълим ва илм-фанни ривожлантириш партиянинг устувор йўналишларидан бири эканлигини назарда тутиб, олий таълим ва илм-фан интеграциясини янада кучайтириш, ушбу соҳаларда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, илм-фан ютуқларини саноат ва ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш ҳақида алоҳида сўз борди. 

Партия ҳудудий ташкилотлари фаоллари тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди. Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт”, “электрон тиббиёт” тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланишида, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилиши учун ҳаракат қилиши айтиб ўтилди. Чунки, бу тизим шаффофлашуви ва унда коррупцаген ҳолатлар камайишига туртки бўлади. 

Аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, юртдошларимизнинг умр давомийлигини оширишда соғлом турмуш тарзи тарғиботи, профилактика ва тиббий маданиятни юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Тўғри овқатланиш бўйича, айниқса, ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рационига оид амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масаласида ҳам партия ўз позициясини билдириб, депутатлар бу борада назорат-тафтиш ишларини олиб бориши кераклиги эътироф этилди.  

Видеоселектор йиғилишида жаҳон социал-демократия мафкурасининг иқтисодиёт йўналишида белгиланган солиқ тўловлари олдиндан тўланишидан манфаатдор бўлиш (рағбатлантириш) ҳамда содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш орқали “яширин” иқтисодиётга барҳам беришга доир мақсадлар хусусида тўхталиб ўтилди. Бу эса ўз навбатида, барқарор иқтисодиётга эришишга хизмат қилиб, ижтимоий соҳа ривожини таъминлашдаги тўсиқларни бартараф этишга олиб келади. Шунингдек, экспертлар томонидан партия социал давлат тарафдори эканлиги эътироф этилган ҳолда, давлатнинг аҳоли даромадлари бўйича кескин табақаланишининг олдини олиши ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлашга масъуллиги қайд қилинди.

Онлайн-мулоқот давомида ўртага ташланган айрим фикрлар баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди. Хусусан, ўрта таълим муассасалари битирувчиларини олий ўқув юртларига иложи борича кўпроқ қамраб олиш ҳақидаги таклифни кўпчилик маъқуллаган бўлса-да, бир қатор фаоллар ҳаммани олий маълумотли қилишдан кўра бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш, улар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш асосий мақсад қилиб белгиланиши лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, олий таълим муассасалари учун эҳтиёжни қамраб оладиган даражада қабул квотасини ошириш билан бирга, уларда ўқув жараёнини замонавий таълим тизими асосида ташкил этиш ҳамда ўзаро соғлом рақобатни шакллантириб бориш таклифи ўртага ташланди. 

Иштирокчиларнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилишига эътибор қаратиб, ОАВ фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий нашрларни қўллаб-қувватлаш, телевидение соҳасида хусусий ва давлат телеканаллари ўртасида бозор муносабатларига асосланган рақобат муҳитини яратиш, хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда соҳа кадрлари малакасини ошириб бориш, халқимиз учун сифатли медиа-контентни яратиш ҳам сиёсий кучнинг муҳим вазифаси ҳисобланади.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тергов билан шуғулланади.

Хусусан, терговга қадар текширувнинг ўзи қуйидагилар томонидан ўтказилади:

- ички ишлар органлари;
- Миллий гвардия органлари;
- Давлат хавфсизлик хизмати органлари;
- ёнғин хавфсизлиги органлари;
- чегарани қўриқлаш органлари;
- давлат божхона хизмати органлари;
- Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятлар билан кураш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
- Мажбурий ижро бюроси ва бошқалар.

Мавзуга оид