Жаҳон | 09:30 / 02.08.2019
15071
2 дақиқада ўқилади

Бангкокда 7 та портлаш содир бўлди

AFP / Lillian SUWANRUMPHA

Таиланд пойтахти Бангкокнинг марказий туманларида 7 та портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Nation TV хабар берди

Биринчи учта портлаш Прату Нам туманида соат 5.00дан кейин 5-7 дақиқа фарқ билан янграган. Биринчи портлаш Пхетчабури кўчасида, қолган иккита портлаш 300 метр нарироқдаги Indra Regent Hotel меҳмонхонасининг биринчи қаватида содир бўлган.

Биринчи портлаш оқибатида муниципал хизматларнинг кўча тозалаётган икки ходими жабр кўрган: портловчи модда тўкилган япроқлар орасида яширилган бўлган. Улар енгил жароҳатлар олган.

Таъкидлаш жоиз, Прату Нам тумани жорий ҳафтада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясига (АСЕАН) аъзо давлатлар вазирлари учрашуви ўтаётган Centara Grand меҳмонхонаси конгресс-маркази яқинида жойлашган.

Яна иккита портлаш соат 8.00 атрофида ер усти метросининг “Чонгнонси” станцияси яқинида янграган. Бу туманда бир нечта банк ва бир қатор элчихоналар офислари жойлашган бўлиб, портлашлар оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Соат 9.30ларда қирол Рама Тўққизинчи номидаги кўчада, ҳукумат бинолари мажмуаси яқинида яна иккита портлаш янграган. Бу портлашларда бирор ким жабрлангани ҳозирча номаълум.

Полиция шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга эҳтиёткор бўлиш ва шубҳали буюмлар ҳақида хабар бериш чақириғи билан мурожаат қилган.

Мавзуга оид