Жаҳон | 10:34 / 30.08.2019
19893
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитойдан 100 йил аввалги қарзни ундиришни режалаштирмоқда 

Фото: РИА Новости / Александр Демьянчук

АҚШ президенти маъмурияти Хитойдан бир аср аввал чиқарилган давлат облигациялари бўйича қарзни ундириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу облигациялар Хитой императорлар томонидан бошқарилган вақтда чиқарилган. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди

Гап Хитой империяси томонидан чиқарилган, бироқ Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан тан олинмаган қимматбаҳо қоғозлар ҳақида бормоқда. Таъкидланишича, Дональд Трамп ушбу масалани Хитой билан савдо урушида “қурол” сифатида қўллаши мумкин. 

Пекинда Вашингтоннинг ушбу режаларидан хабардорлар, бироқ уни амалга ошириш иложсиз деб ҳисоблашмоқда.

Таъкидланишича, Трамп бундай облигациялар эгалари билан учрашган. Улар Хитойдан қарз ундирилишини қўллаб-қувватлашмоқда.  

Хитой империяси облигацияларини чиқаришдан асосий мақсад мамлакатда темир йўл қурилиши учун маблағлар жалб қилишдан иборат бўлган.

Облигацияларнинг катта қисми америкалик коллекционерларда сақланиб, уларни онлайн-аукционларда сотиб олиш мумкин.

Хитой облигациялари эгалари жамғармаси асосчиларидан бирининг ҳисоб-китобига кўра, инфляция, фоизлар ва компенсациялар ҳисобга олинса облигациялар бўйича тўловлар суммаси триллион доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Хитой инқилобгача ҳукумат қарзларини тан олмаслигини ва уларни қайтармаслигини айтиб келади.

Мавзуга оид