Иқтисодиёт | 08:00 / 03.09.2019
18607
4 дақиқада ўқилади

Инвестициялар жалб қилишда Қозоғистон тажрибаси. Фарқлар ва ўхшаш жиҳатлар

 Мустақиллик айёми арафасида бир гуруҳ журналистлар қўшни Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида махсус пресс-турда бўлиб қайтди. «Остона Халқаро молия биржаси» ташаббуси билан уюштирилган бу тадбир доирасида «Остона» Халқаро молия маркази қошидаги хорижликларга хизмат қилиш марказида ҳам бўлдик.

Инвестициялар жалб қилиш ҳар бир давлатнинг, айниқса ривожланаётган мамлакатларнинг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу масалани шахсан давлат раҳбарининг ўзи назорат қилаётгани ҳам, ҳар бир вилоятда бу борада алоҳида гуруҳлар иш олиб бораётгани ҳам бежиз эмас.

Пресс-тур доирасида биз билан учрашган «Остона» Халқаро молия маркази раҳбари Қайрат Келимбетов сўнгги 20 йилда Қозоғистон 300 млрд доллардан кўпроқ инвестиция жалб қилгани, бу Марказий Осиёдаги умумий инвестицияларнинг 70 фоизига тенглигини билдирган эди.

Хўш, Қозоғистон ким ёки ниманинг эвазига бундай кўрсаткичларга эришган?

Албатта, табиий бойликлар кўпчиликни ўзига оҳанрабодай тортади. Аммо дунёда табиий бойликлар Қозоғистонданда кўп давлатлар ҳам бисёр, лекин уларнинг бу борадаги натижалари камтаргина. Шунга қарамай жаноб Калимбетов сармояларнинг фақат нефтгаз соҳасида чекланиши энди қониқтирмаслиги, бу борада ҳар томонлама иш олиб борилаётганини маълум қилганди.

Айтиш мумкинки, эришилган натижаларнинг оддий сабаблари чинданда ўрганишга арзийди. Биз ташриф буюрган «Остона» Халқаро молия маркази қошидаги хорижликларга хизмат қилиш маркази раҳбари Ўлжас Букенов ўз фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

– Марказимиз хориждан ташриф буюрган дипломатик соҳа вакиллари, инвесторлар ва тадбиркорларга хизмат кўрсатади. Хизматларимиз мутлақо бепул, агар меҳмон давлат божи талаб қилинадиган хизматдан фойдаланишни истаса, фақат ўша божнигина тўлайди. Биз инвесторлар кириб келиши билан уларнинг мослашуви бўйича барча масалаларда ёрдам кўрсатамиз.

Аввало уларга малакали ҳуқуқшуносларни таклиф қиламиз ва ўзлари қизиқаётган соҳа бўйича маҳаллий қонунчиликни атрофлича тушунтирамиз, кимларга мурожаат қилиш борасида ўз тавсияларимизни берамиз. Марказимизда нотариус, касса, ҳужжатларни таржима қилиш хизмати ҳам мавжуд, шу ернинг ўзида меҳмон барча ҳужжатларга эга бўлиши мумкин. Алоҳида компьютер хоналари, узлуксиз интернет тизими ҳам улар учун бепул хизмат кўрсатади.

Биз нафақат иш юзасидан, балки маиший масалаларда ҳам кўмак берамиз. Дейлик, инвесторга ижара учун уй ёки офис керак – ўз ҳамкорларимизни тавсия қиламиз, улар ўрганиб, ўзларига маъқулини танлашади. Ёки фарзандларини мактабга жойлаштириш, тиббий хизмат (хусусан аёллар учун алоҳида ёндашувни талаб қилувчи хизматлар), автомобилларни расмийлаштириш, уларга техник хизматлар, ҳатто уй ҳайвонларига ветеринар хизматларгача тавсиялар берамиз. Шу билан бирга, биз тавсия қилган ҳамкорлар меҳмонларга қандай хизмат кўрсатгани, уларнинг қониқиши қай даражадалигини ҳам кузатиб борамиз. Агар сифатсиз хизмат кўрсатилса, асоссиз баланд нархлар таклиф қилинса, улар ҳамкорларимиз сафидан ўчирилади. Энг муҳими, меҳмон бизнинг тавсияларимиз асосида хизмат кўрсатувчини ўзи танлайди.

Ҳозир янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Дипломатлар ёки инвесторларнинг аёллари (ёки эрлари) маҳаллий шароитга мослашуви учун уларга мос иш қидириш, бандлигини таъминлаш режамизда бор, – деди Ў. Букенов.

Кўриниб турибдики, инвесторни жалб қилишда майда жиҳатларнинг ўзи йўқлиги ҳақида қардошларимиз жуда яхши ўйлаб кўришган. Бу эса ўзлаштирса, ўрганса арзийдиган масала.

Аброр Зоҳидов, Тошкент-Нурсултон-Тошкент

Мавзуга оид