Президент айрим спорт федерациялари фаолиятини танқид остига олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Бугунги кунда ёзги Олимпиадага тайёргарлик аҳволи бизни мутлақо қониқтирмайди. Ҳозиргача Токио Олимпиадасида қатнашиш учун бор-йўғи 3 та спорт тури бўйича 4 та лицензия қўлга киритилган, холос. Шунинг учун, Олимпиадага тайёргарлик кўришда мавжуд қуйидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тизимли чораларни кўришимиз зарур.
Қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар Олимпия спорт терма жамоасини шакллантиришга ва юқори натижаларни таъминлайдиган спортчилар учун шарт-шароит яратишга етарли даражада эътибор бермаган. Жумладан, навбатдаги Олимпиадага қатнашиш учун чим устида хоккей, от спорти, волейбол бўйича лицензияларни қўлга киритиш имконияти бой бериб бўлинди. Худди шундай ҳолат давом этса, футбол ва сув полоси бўйича ҳам лицензияларни олиш масаласи шубҳа остида қолиши мумкин.
Енгил атлетика спорт турлари бўйича ўтган Рио Олимпиадасида 16 та спортчимиз иштирок этган бўлса, Токио Олимпиадаси бўйича атиги 6 та лицензияни олиш мўлжалланмоқда. Енгил атлетика федерацияси раҳбари Андрей Абдувалиевга савол – нега аввалги Олимпиада билан таққослаганда лицензиялар сони кескин камайишига йўл қўйилган? Оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов лицензиялар 5 тадан 4 тагача камайгани, етакчи спортчиларнинг допинг можаросига аралашиб қолганини қандай тушунтириб беради?
Ўтган Рио Олимпиадаси каби, Токиода ҳам ютуқларни фақат яккакураш спорт турлари ҳисобига қўлга киритамиз, деган фикр билан иш юритиш – билиб қўйинглар, бу мутлақо нотўғри ёндашувдир. Таъкидлаш керак, сўнгги 6 та Олимпия ўйинларида сузиш, стол тенниси, ўқ отиш каби спорт турлари бўйича бирон-бир марта ҳатто кучли 10 таликка ҳам кирмаганмиз», - деди давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин IWF ўзбекистонлик оғир атлетикачи Рустам Жангабоевни спортдан вақтинча четлатганди. Ундан аввал Руслан Нуриддинов допинг сабабли оғир атлетикадан четлаштирилди.
Мавзуга оид
15:24 / 04.12.2024
Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин — тадқиқот
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024