Спорт | 01:35 / 06.09.2019
42016
2 дақиқада ўқилади

UFC Нурмагомедов-Порье жанги ғолибининг кейинги рақибини маълум қилди

Фото: UFC

UFC раҳбари Дэйна Уайт америкалик Тони Фергюсонга Хабиб Нурмагомедов ва Дастин Порье ўртасидаги жанг ғолиби билан жанг ўтказиш имконияти берилишини маълум қилди.

“Агар Тони Фергюсон тайёр бўлса, биз бу жангни ташкиллаштирамиз”, деб айтган Уайт ESPN телеканалига интервьюда. 

Нурмагомедов ва Порье ўртасидаги жанг 7 сентябрда Абу-Дабида UFC 242 мусобақаси доирасида бўлиб ўтади. Россиялик жангчи учун ушбу жанг 2018 йил октябрда Конор Макгрегорга қарши жангидан кейин юз берган муштлашув учун дисквалификациясидан кейинги биринчи жанг бўлади.

5 сентябрда Абу-Дабида икки спортчининг нигоҳлар дуэли бўлиб ўтди. Спортчилар бир-бирларига ҳурмат билдириб, маросимдан кейин бир-бирлари билан хайрлашишган.

6 сентябрда жангчилар расмий вазн ўлчашда учрашишади. Спортчиларнинг вазни 70,3 кгдан ошмаслиги лозим.

Август охирида Нурмагомедов кейинги жангини айнан Фергюсонга қарши ўтказмоқчилигини маълум қилган. “Фақатгина Тони Фергюсон. У бу жангга лойиқ. Йўқса ким? Ҳеч ким. Фикримча, фақатгина Тони Фергюсон”, деб айтганди доғистонлик спортчи.

Нурмагомедов 2018 йил апрелда UFC чемпиони бўлган. У ҳакамларнинг бир овозли қарори билан америкалик Эл Яквинтага қарши жангда ғалаба қозонган.

Порье эса 2019 йил апрелда ўзининг юртдоши Макс Холлоуэйни мағлуб этиб, UFC’нинг вақтинчалик чемпионига айланган. 

Фергюсон эса 2017-2018 йилларда UFC’нинг вақтинчалик чемпиони унвонига эгалик қилган. У фаолияти давомида на Нурмагомедов, на Порье билан учрашган. Эътиборлиси, унинг Нурмагомедовга қарши жанги 4 марта режалаштирилган, бироқ ҳар сафар у ёки бу жангчининг саломатлигидаги муаммолар сабабли бекор қилинган.

Ҳозирда Фергюсон UFC’нинг енгил тоифадаги жангчилари рейтингида 2-ўринни эгалламоқда. 

Мавзуга оид