Яна шифокорга тажовуз қилинди: асакалик 55 ёшли фельдшер калтакланди
6 сентябрь куни кечки соат 8лар атрофида Андижон вилояти Асака туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Шарқ ҳақиқати” шохобчасига оғир жароҳат олган бемор олиб келинган, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Дастлабки маълумотларга қараганда, шифокорлар беморга зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатган. Тиббий кўрик пайтида беморга ўзгалар томонидан тан жароҳати етказилганига ишонч ҳосил қилган тиббиёт ходимлари хизмат вазифасидан келиб чиққан ҳолда, туман ички ишлар бўлимига хабар бермоқчи бўлишганида беморни олиб келган С.Н. тез тиббий ёрдам фельдшери Б.Гадоевнинг бурнига боши билан зарба берган ва калтаклай бошлаган. Бундан ташқари, у шифокорни калтаклаш билан қаноатланмай ҳовлида турган тез тиббий ёрдам автомашинасига ҳам зиён етказган.
Ушбу ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилганидан сўнг маълум вақт ўтиб ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келган.
Жароҳат олган фельдшер эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бўлимда унга “Бурун суяги ёпиқ синиши. Чап тирсак, тизза бўғимининг юмшоқ тўқималари лат ейиши. Пастки жағ чап соҳасининг йиртилиши ва юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги вақтда Б. Гадоев Асака туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Шу ўринда айтиш жоизки, охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлигига зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари тез-тез учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда. Шифокор ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, ҳузурига шифо истаб келган ҳар бир беморга бор куч-салоҳияти, билимини ишга солиб беғараз кўмак беради. Тиббиёт ходимларининг ширин сўзи, дори-дармони ва меҳрли қўли билан қанчадан-қанча беморлар оғир дарддан халос бўлаётгани ҳаммамизга кундек равшан. Ана шундай фидойи, ўзгалар саломатлиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, меҳнат қилаётган оқ халат соҳибларини таҳқирлаш, ноҳақ калтаклаш ақлга сиғадими?”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан.
Мавзуга оид
11:45 / 06.12.2024
Лордан стоматологга: тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учради
19:11 / 05.12.2024
“Битта бригада кунига 25 тагача чақириққа чиқяпти” — Тез ёрдам қишда қандай ишлаяпти?
18:33 / 29.11.2024
Блогер Фарҳод Манноповнинг вафотида икки шифокор айбли деб топилди
18:33 / 26.11.2024