Ўзбекистон | 18:33 / 29.11.2024
14311
3 дақиқада ўқилади

Блогер Фарҳод Манноповнинг вафотида икки шифокор айбли деб топилди

Учтепа туман суди “Star Med Center” клиникасида ЛОР ва анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлаган икки шифокорни касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган деб топиб, уларга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Фото: Kun.uz

Бугун, 29 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукм икки нафар айбланувчига тааллуқли:

  • А.Х. – эркак, 1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Omad Plyus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникасида отоларинголог вазифасида ишлаган, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган;
  • Ж.Қ. – эркак, 1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, “Omad Plyus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникасида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишлаган, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Суд А.Х. ва Ж.Қ.ни Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топиб, айбловнинг бу қисми юзасидан судланувчиларни оқлади.

Шу билан бирга, А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича ЛОР ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят ва протест киритилиши мумкин.

  • “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 март куни, 27 ёшида вафот этган эди. У бассейнда сузаётиб боши ва бурнидан жароҳат олган, шу сабаб бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентдаги “Star Med Center” хусусий клиникасига мурожаат қилган, аммо операция жараёнида кома ҳолатига тушиб, ўзига келмаган.
  • Жиноят иши 2023 йил сентябр ойида судга оширилган эди. 2023 йил октябрида, марҳумнинг яқинлари илтимоси билан, суд жараённинг ОАВда ёритилишини тақиқлаган эди.

Мавзуга оид