Спорт | 18:47 / 15.09.2019
11841
2 дақиқада ўқилади

Пара-сузиш. Шоҳсанам Тошпўлатова жаҳон чемпиони бўлди

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида пара-сузиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Бугун, 15 сентябрь куни аёллар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистон жамоаси вакили Шоҳсанам Тошпўлатова финишга биринчи бўлиб етиб келди ва терма жамоа ҳисобига ушбу жаҳон чемпионатидаги илк олтин медални олиб берди. 

Шоҳсанам 1 дақиқаю 3,89 сония натижа билан янги Осиё рекордини ўрнатди.

Шоҳсанам Тошпўлатова бунгача 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича бронза медалига сазовор бўлган эди.

Аёллар. 100 метрга баттерфляй усулида сузиш:
1. Шоҳсанам Тошпўлатова (Ўзбекистон) – 1:03.89;
2. Карлотта Гилли (Италия) – 1:03,95;
3. Ребекка Мейерс (АҚШ) – 1:04,41.

Бугун эркаклар ўртасида ҳам 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик спортчи Ислом Асланов финишга иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медални қўлга киритди.

Бу Ислом Аслановнинг ушбу мусобақадаги иккинчи кумуш медали бўлди. У бундан аввал 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича ҳам иккинчи ўринга сазовор бўлган эди.

Эркаклар. 100 метрга баттерфляй усулида сузиш:
1. Ихар Боки (Беларусь) – 53.95;
2. Ислом Асланов (Ўзбекистон) – 55.99;
3. Олексий Вирченко (Украина) – 57.38.

Маълумот учун, 60дан ортиқ мамлакатдан 600га яқин спортчи иштирок этаётган ушбу турнирда ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси 6та медаль билан умумжамоа ҳисобида 20-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон терма жамоаси шарафини 7 нафар спортчи ҳимоя қилмоқда.

Шоҳсанам Тошпўлатова – 1 та олтин, 1 та бронза;
Ислом Асланов – 2та кумуш;
Фирдавс Мусабеков – 1та кумуш
Нигора Мирзоҳидова – 1та бронза

Мавзуга оид