Ўзбекистон | 10:30 / 15.09.2019
25336
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги қайта ташкил этилган туманга ҳоким тайинланди

14 сентябрь куни халқ депутатлари Бўзатов туман кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Президентнинг 20—21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида туманни қайта ташкил этиш бўйича бир қатор аҳамиятли вазифалар белгилаб берилди. Давлат раҳбарининг чорвачиликка ихтисослаштирилган туманни қайта ташкил этиш бўйича таклифи аҳоли томонидан хурсандчилик билан кутиб олди.

Бўзатов тумани 2004 йили Кегейли ва Чимбой туманларига бириктирилган эди. Эндиликда туманни қайта ташкил этиш орқали ҳудудда маҳаллий аҳолининг ижтимоий яшаш шароитларини яхшилаш, ҳудуд инфратузилмасини йўлга қўйиш, чорвачиликни, тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари яратилмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида туманини қайта ташкил этиш бўйича Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасининг розилиги олинди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарори қабул қилинди. Бугунги кунда 4 та сектор фаолиятини йўлга қўйиш, тиббиёт, мактабгача таълим, халқ таълими, маданият, спорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларнинг туман бўлимларини тузиш бўйича ишлар олиб борилди.

Жумладан, туманни комплекс ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан аҳолига табиий газ етказиб бериш учун янгидан автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциясини қуриш, «Аспантай» ва «Еркиндарья» каналларини реконструкциялаш ҳамда насос агрегатларини ўрнатиш, туман марказини ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий объэктларни қуриш сингари бир қатор аҳамиятли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу пайтгача Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Қайпанов Махмуд Тенгелович Бўзатов тумани ҳокими этиб тайинланди.

Мавзуга оид