Жамият | 21:12 / 20.09.2019
13299
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Тўйларда қиз тарафга жуда катта оғирлик тушаётгани – аёлларга боғлиқ масала»

«Фарғонанинг айрим жойларида одамлар тўй ҳақида велосипедда кўчама-кўча хабар қилиб чиқишади».

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг биринчи мажлисида сенатор Энахон Сиддиқова айрим ҳудудларда тўй-ҳашамлар учун таклифнома ҳам тарқатилмаслигини айтиб, бу борада ҳудудларнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

«Масалан, Фарғонанинг айрим жойларида одамлар тўй ҳақида велосипедда кўчама-кўча хабар қилиб чиқишади. Меҳмонлар ҳам ўз навбатида тўйга меҳмон бўлиш ёки томоша қилиш мақсадида келишади. Табиийки, бу битта тўйда белгиланган меъёрдагидан кўп одам йиғилишини англатади», дейди Энахон Сиддиқова.

Бундан ташқари, сенатор ҳозирги тўйларда қиз тарафга жуда катта оғирлик тушаётганини таъкидлаб, бу борада асосий масала аёлларга боғлиқ бўлиб қолаётганига урғу берди.

«Шунинг учун комиссия Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда тушунтириш ишларини олиб бориб, тўй қилувчи томонларга ўз мажбуриятларини тўғри тушунтириши зарур», деб фикр билдирди у.

Маълумот учун, «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга асосан, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ўтказиладиган ош бериш маросимида 250 нафаргача киши, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши белгиланган.

Мавзуга оид