Жамият | 17:45 / 22.10.2019
23131
2 дақиқада ўқилади

Нурхон Нафасов ва каратэ федерация иши. Қарор ўз кучида қолди

Жорий йилнинг 27 август куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасовнинг лавозимдан озод этилишига оид низо бўйича иш кўрилиб, тегишли ҳал қилув қарори эълон қилинганди. Унга кўра, федерациянинг Н. Нафасовни лавозимдан бўшатиш тўғрисидаги 2018 йил 26 сентябрь кунги йиғилиш баённомаси ва 2018 йил 27 сентябрь кунги буйруқ ғайриқонуний деб топилган эди.

Бугун, 22 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан Каратэ миллий федерациясининг шикояти апелляция тартибида кўриб чиқилди. Kun.uz мухбири хабар беришича, судлов ҳайъати федерациянинг шикоятини рад этиш, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Судлов ҳайъатининг мазкур ажрими Нурхон Нафасов Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси раҳбарлигидан қонунга зид равишда четлатилганини яна бир карра тасдиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, Нурхон Нафасов ўтган йилнинг сентябрь ойида вазифасидан четлатилгач, «Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг тегишли йиғилиш қарори ва 27.09.2018 йилдаги 1-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида» фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилганди.

Мавзуга оид