Ўзбекистон | 14:51 / 24.10.2019
30560
2 дақиқада ўқилади

«Буханка» нон қатор талабларга мувофиқ бўлиши зарурлиги эслатилди

Фото: popmech.ru

Монополияга қарши курашиш қўмитаси қолипли нон маҳсулоти бўйича истеъмолчилар учун маълумот тайёрлади. 

Қўмита хабарига кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қолипли нон маҳсулотининг стандарти, ушбу маҳсулотни харид қилишда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунга мувофиқ, Қўмита “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда истеъмолчилар учун кичик маълумот тақдим этди.

Билдирилишича, қолипли нон маҳсулоти ташқи кўриниши бўйича қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши зарур:

шакли – қолипли нонга мувофиқ шаклга эга бўлиши, ортиқча қисм бўртиб чиқмаган бўлиши лозим;

ташқи кўриниши – сезиларли ёриқлар, ортиқча шакллар бўлмаслиги лозим;

ранги – оч-сариқ рангдан тўқ-жигарранггача бўлиши лозим, бошқа ранглар бўлишига йўл қўйилмайди;

ички қисм кўриниши – яхши пишган бўлиши ва эластик бўлиши, бармоқ билан енгил босилганда ўз шаклига қайтиши лозим.

таъми ва ҳиди – нон маҳсулотининг одатий таъми ва ҳиди бўлиши ва ортиқча таъм ва ҳидлар бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, нон маҳсулотларининг сақлаш шароитларига ҳам эътибор бериш зарур. Бунда, сақлаш жойида нон маҳсулотларига бошқа маҳсулотлар аралашмаслиги, сақлаш жойи тоза бўлишига эътибор бериши керак.

Қайд этилишича, қолипли нон маҳсулоти 0,5 кг дан 1,1 кг гача массада ишлаб чиқарилиши мумкин. Бугунги кун амалиётида қолипли нон асосан 0,5-0,6 кг.да ишлаб чиқарилмоқда (маҳсулотнинг оғирлиги фарқи камайиш тарафига бир маҳсулотнинг белгиланган оғирлигига нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги керак).

Бундан ташқари, истеъмолчилар қолипли нон харид қилишда сотилаётган қолипли нонни техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги эслатилган.

Таъкидланишича, нон ва макарон маҳсулотларининг ҳар бир партияси сотилаётганда техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан жўнатилиши шарт.

Мавзуга оид