Ўзбекистон | 14:17 / 24.10.2019
34342
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қанча фуқаро ун ва нон учун компенсация пули олиши очиқланди

Фото: vladhleb.ru

Ўзбекистонда 1,3 млн нафардан ортиқ фуқаро ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича ҳар ойлик пул компенсацияси олади. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 866-сон қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси 22 300 сўмдан 50 000 сўмга оширилди.

Мамлакатдаги 1,3 млн нафардан ортиқ фуқароларга компенсация тўловларини ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан талаб қилинган маблағлар 2019 йил 18 октябрь санасида тўлиқ молиялаштирилиб берилган ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан компенсацияларнинг ошган миқдорларини фуқароларга жорий ойда етказилиши юзасидан тегишли чоралар кўрилган.

Пенсия жамғармаси томонидан компенсацияларнинг ошган миқдорлари фарқи бўйича қўшимча ведомостлар тузилиб, 2019 йилнинг 16-17 октябрь санасида тижорат банклари ҳамда Халқ банки филиалларига етказилди. Шунингдек, мазкур тўловлар учун маблағлар 16 октябрдан 19 октябргача тўлиқ молиялаштирилган.

Хусусан, тўловларни банк пластик карталари орқали олувчиларнинг ҳисоб рақамларига компенсация маблағлари (ошган миқдор фарқи) жорий йилнинг 17 октябрь санасида тўлиқ юкланган.

Бундан олдин, аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилганди.

Мавзуга оид