Ўзбекистон | 22:12 / 01.11.2019
18012
2 дақиқада ўқилади

«Марказий сайлов комиссияси – ҳукумат қўлидаги ўйинчоқ эмас» – МСК раиси ўринбосари

Вакиллик органларига сайловлар арафасида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов «Америка овози» мухбири билан суҳбатда бўлди.

Истамов мухбирнинг: «Кенг омма МСКга ҳукуматнинг қўлидаги ўйинчоқ сифатида қараб келган», дея билдирган фикрини рад этиб, комиссия ҳукумат билан тенг мақомга эга эканини эслатиб ўтди.

«Марказий сайлов комиссияси – ўйинчоқ эмас. Ҳукумат билан тенг конституциявий мақомга эга, сайловларни ташкил қиладиган давлат ҳокимияти идораси.

Унинг мустақиллиги айнан нима билан таъминланади? Комиссияни шакллантириш тартибига эътибор берадиган бўлсак, бу жараёнда ижро ҳокимиятининг иштироки умуман йўқ. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси аъзолари – халқ томонидан сайланган, вилоят кенгашлари тавсияси асосида, парламентимизнинг икки палатаси томонидан лавозимга тасдиқланади. Уларнинг ваколати ҳам халқ депутатлари вилоят кенгашлари ва парламентимиз тақдимномаси асосида тугатилиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси эмас, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш – қонун билан таъқиб қилинади ва тегишли маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ундан ташқари, МСК – коллегиал идора. Бугунги кунда МСК аъзолари сони 21 нафардан иборат. Уларнинг 10 нафари – айнан демократик тартибларга асосан яқинда тайинланган аъзолардир. Ҳар бир аъзо бир овозга эга.

МСКнинг мажлислари очиқ-ойдин, ОАВ иштирокида, ҳамманинг эътиборида ўтказилади ва айни мана шу очиқлик, ошкоралик тамойили ва МСКни шакллантиришдаги демократик қонун-қоидалар – уларнинг мустақиллигини таъминловчи муҳим кафолатдир», деди МСК раиси ўринбосари.

Истамовнинг қайд этишича, сайлов комиссиялари депутатликка номзодларни аниқлашда, уларни танлаб олишда иштирок этмайди. Бу – сиёсий партияларнинг мутлақ ваколатидир. Комиссия фақат уларни рўйхатга олади.

«Номзодларни рўйхатга олиш фақат битта мезон асосида баҳоланади – у ҳам бўлса, тавсия қилинганлар қонунда номзодларга белгиланган талабларга жавоб-берадими ёки йўқми, шу мезон бўйича баҳолайди», дейди Маҳмуд Истамов.

Мавзуга оид