Ўзбекистон | 19:20 / 06.11.2019
7279
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Лаззатли Ўзбекистон» халқаро кулинария чемпионати бўлиб ўтмоқда

Бугун, 6 ноябрь куни, «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуида «Лаззатли Ўзбекистон» (Delicious Uzbekistan) халқаро кулинария чемпионатига старт берилди. 6–8 ноябрь кунлари ўтказиладиган ушбу мусобақа Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ошпазлар уюшмаси раҳбари Акбар Умаров, Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз Оққулов ва бошқа халқаро экспертлар қатнашди. Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг туристик имконияти, чемпионат аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

«Уч кун давом этадиган «Лаззатли Ўзбекистон» халқаро кулинария чемпионатида 80дан ортиқ мамлакатдан 250 нафар етакчи ошпаз иштирок этишмоқда. 20 нафар ҳакамларга қатнашчиларни баҳолашади. Уларнинг асосий қисми хорижлик экспертлардан иборат. Чемпионат Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу бўйича яна бир қанча ҳаракатлар олиб бориляпти. Жумладан, ўзбек нонуштасини «Uzbek breakfast» номи остида халқаро миқёсда олиб чиқиш, тарғиб қилиш режага киритилган. Нонушта асосан, сутли маҳсулотлар, мева, ширинлик, нон ва нон маҳсулотларидан таркиб топади. «Ўзбек нонуштаси» номли алоҳида китоб нашрдан чиқарилди. Унда барча маълумотлар батафсил ёритилган», дея Абдуҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, чемпионат доирасида таом тайёрлашда зарур бўлган ошхона жиҳозлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

Мавзуга оид