Ўзбекистон | 12:13 / 14.11.2019
40114
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг собиқ матбуот котиби янги лавозимга тайинланди

Фото: islomkarimov.uz

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи тайинланди.

Ҳукуматнинг 2019 йил 13 ноябрдаги қарори билан Асаджон Озодбекович Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи этиб тайинланди.

Асаджон Хўжаев 2011-2012 йилларда Интеллектуал мулк агентлиги, 2012-2017 йилларда - Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига раҳбарлик қилган.

У 2017 йил мартидан августгача президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлади. Кейинчалик Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

А. Хўжаев 2018 йил август ойидан бери Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори сифатида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Мавзуга оид