Спорт | 12:19 / 20.11.2019
41676
7 дақиқада ўқилади

Кутилмаган истеъфо. Почеттино нега кетди?

Одатда, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус пайтида клубларда ҳаммаси тинч бўлади, лекин сешанба куни Англияда ҳақиқий «бомба» портлади. «Тоттенҳэм» бош мураббий Маурисио Почеттинони истеъфога чиқарди. Ҳа, икки томонлама келишув асосида шартномани тугатиш эмас, айнан истеъфо рўй берди.

Леви нима дейди?

«Бизнинг бу ўзгаришлар томон юришимиз осон бўлмади ва бу қарор шошилинч тарзда қабул қилинган ечим эмас» – деди «шпорлар» хўжайини Дэниел Леви, - «афсуски, жамоанинг чемпионатда ўтган мавсум охирларидаги ва ушбу мавсум бошидаги натижалари ҳафсалани пир қиладиган даражада бўлди.

Раҳбарият учун бу жуда оғир қарор, зеро биз Маурисио ва унинг штаби билан биргаликда жуда ажойиб онларни бошдан кечирдик. Лекин клуб манфаати учун шу йўлдан боришга мажбурмиз.

Маурисио ва унинг штаби «Тоттенҳэм» тарихига кирдилар. Биз ўз стадионимизда ўйнай олмаган жуда қийин дамларда ҳам у синовларга дош берди, бизга ижобий натижалар ва онларни олиб келганди».

Аслида бундай янгиликлар олдидан матбуот турли миш-миш ва инсайдларга тўлиб кетар, ҳамма истеъфонинг қачон юз бериши-ю, янги номзодлар устида муҳокама қилишарди. Лекин бу сафар ундай бўлмади, истеъфо юз берган куннинг бошланишида Telegraph нашри «Тоттенҳэм» Почеттинони кетказмоқчи эмаслигини, бунинг устига унга тўланиши керак бўлган 12,5 миллион фунт товон пули ҳам катта сумма эканини ёзганди. Лекин ҳаммаси ўзгариб кетди, товон пули эса, энди тўланади.

Истеъфога етаклаган натижалар

Натижалар билан қарасак, Почеттинонинг кетиши у қадар ҳайратланарли эмас, «Тоттенҳэм» нафақат ушбу мавсумни, балки ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини ҳам жуда ёмон ўтказди. Фақат Чемпионлар Лигасидаги натижалар вазиятни бироз бошқача кўрсатиб турганди, холос.

«Тоттенҳэм» АПЛдаги сўнгги 24 ўйиндан атиги 25 очко олди – агар чемпионат февралда бошланганда, ҳозир клуб лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган бўларди. Бу мавсумда лондонликларда 12 ўйиндан кейин 14 очко бор ва жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси бериладиган ўринлардан (11 очко) кўра, «хавфли зона»га (6 очко) яқинроқ турибди. «Бавария»дан Чемпионлар Лигасида қабул қилиб олинган 2:7 ҳисобидаги мағлубият эса, жуда оғир зарба бўлди.

Бир неча манбанинг айтишича, Почеттино клубнинг трансфер кампаниясидан норози бўлган. Аргентиналик мутахассис таркибни тубдан янгиламоқчи бўлган, Себальос ва Коутиньони шахсан чақирган. Аммо раҳбарият фақат битта йирик трансфер билан чекланди – 60 миллион еврога Ндомбеле олиб келинди. Мураббийга керак эмаслиги айтилган Эриксен, Роуз ва Алдервейрелд сотиб юборилмади.

Август ойида Почеттино беқарор вазиятдан нолиди, чунки баъзи футболчиларнинг кетиш ё кетмаслиги аниқ эмасди. Масалан, ҳимоя марказини яна Вертонген ва Алдервейрелд билан бошласа, шартномаси атиги бир йил қолган бу футболчилар трансфер ойнаси сўнгида сотиб юборилиши мумкин эди. Худди шундай Эриксен ҳам, ёзда кўп марта жамоани тарк этмоқчи эканини айтганди.

Telegraph нашрининг ёзишича, сўнгги пайтларда Почеттино футболчилар билан масофа сақлай бошлаган, улар эса, халқаро ўйинлар билан боғлиқ таътил пайтида бир-бирларига янги мураббий ким бўлиши ҳақида хабар ёзиб юришди.

Почеттино – тарихда энг яхшиси

Почеттино билан бирга «Тоттенҳэм»ни яна уч ёрдамчиси – Хесус Перес, Мигел Д’Агостино ва Тони Хименес ҳам тарк этмоқда. Independent маълумотига қараганда, умумий товон пули 20 миллион фунтни ташкил қилади ва бундан 12,5 миллионини Маурисио Почеттино олади.

Тўғри, Почеттинонинг сўнгги натижалари яхши эмас, лекин шуни қайд этиш лозимки, у АПЛ давридаги (1991 йилдан буён) «Тоттенҳэм»нинг энг яхши мураббийидир. Унинг даврида клуб тўрт марта ЕЧЛ йўлланмасини берувчи ўринларни эгаллади. Усиз эса, атиги икки марта шундай натижага эришилган, холос. Почеттино «Тоттенҳэм» устози сифатида 202 ўйин ўтказди – бу ҳам рекорд. Бу ўйинларнинг 56 фоизида ғалаба қозонди. Фақат Тим Шервуднинг (59 фоиз) кўрсаткичи яхшироқ, аммо Шервуд жамоани атиги 1,5 йил бошқарганини ҳам унутмаслик керак. Албатта, Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш ҳам, «Тоттенҳэм» учун жуда юқори чўққи. 

Моуриньо АПЛга қайтди

Дастлаб Sky Sports журналисти Фабрицио Романо бўшаб қолган ўринга энг яқин даъвогар Жозе Моуриньо экани ҳақида ёзди.

Бир ҳафта олдин, агар Почеттино мавсум ўртасида клубни тарк этса, унинг ўрнига Моуриньодан ташқари, Массимилиано Аллегри ҳам даъвогарлик қилиши айтилганди. Ёзда эса, клуб «Борнмут» устози Эдди Ҳау, «Лейпциг»да ишлаётган Юлиан Нагельсманн, шунингдек, Англия терма жамоаси устози Гарет Саутгейт вариантларини ҳам кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Daily Mail эса, бу лавозимга айни вақтда «Наполи»ни бошқараётган Карло Анчелотти келиши мумкинлигини ёзди. Айни вақтда келиб лондонликлар клуби 1 йилдан буён ишсиз бўлган Жозе Моуриньони расман янги бош мураббий этиб тайинлади.

Почеттино?

Яқин яқинларда ҳам, масалан «Манчестер Юнайтед» Почеттинони қўлга киритиш учун бир неча миллиондан воз кечиши мумкинлиги ҳам айтиларди. Аммо айнан ҳозир Сульшернинг ҳолати у қадар аниқ эмас. «Тоттенҳэм»да рўй берган ҳолатлар эса, манчестерлик боссларни вазиятга янада эҳтиёт бўлиб ёндашишга ундаши мумкин.

«МЮ» ва АПЛдан ташқари айнан Маурисиога мос бўлган лойиҳалар бор, масалан, Италиянинг «Милан» клуби. Бир қатор ёш ва тушунарсиз иқтидорлардан бир жамоа қура олиш салоҳияти айнан «Милан» учун айни муддао. Шунингдек, у яна Испанияга қайтиб, «Севилья», «Валенсия» каби қизиқарли ишларни қабул қилиши мумкин. «Барселона»да Вальверденинг курсиси қимирлаб турган бўлса-да, ўз вақтида «Эспаньол»ни бошқарган Маурисио ҳеч қачон «Барселона»да ишламаслигини айтганди. Шунингдек, Зиданнинг «Реал»даги ўрни ҳам у қадар мустаҳкам эмас.

Хуллас, вариантлар кўп. Катта эҳтимол билан Маурисио ёзгача дам олишни маъқул кўради ва ўшанда ўзини қизиқтирган ва мос вариантлар устида бош қотириб кўради. «Тоттенҳэм»даги олти йил унга бундай вариантлар кўп бўлишини кафолатлайди, ишонаверинг.

Интернет материаллари асосида

Мавзуга оид