Фан-техника | 16:30 / 29.11.2019
30408
2 дақиқада ўқилади

Кун видеоси: iPhone, Galaxy ва афсонавий Nokia вертолётдан ташланди

Улардан қайси бири омон қолганини тахмин қила оласизми?

How Ridiculous канали ютуберлари 3та телефон чидамлилигини синаб кўрмоқчи бўлишди: Apple ва Samsung'дан флагманлар ва ҳаммамизга таниш бўлган «ғишт» Nokia 3310. Бунинг учун ушбу уч ускуна тахминан 300 метр баландликдаги вертолётдан улоқтирилди. Натижа эса ҳақиқатан ҳам ажабланарли.

Аввалига Nokia 3310'ни бир неча марта 45, 76, 152 ва 228 метр баландликдан ташлаб кўришди. Телефон барча ҳолатларда қисмларга бўлиниб кетди, аммо ишлашда давом этди — учинчи уринишда телефон экрани сингани истисно бўлди. Бироқ тўртинчи синовдан сўнг у ўзининг машҳур «Змейка» ўйинини қийинчиликсиз ишга туширди. Тажриба ташкилотчиларининг алоҳида эътироф этишича, синовлар учун танланган майдон отилиш учун қулай эмасди: ер тош каби қаттиқ.

Аммо финал мусобақаси вақти келди: учала қурилма ҳам 304 метр баландликдан учиб тушди. Эътибор бериш лозимки, смартфонлар силикон билан қопланганди: уларнинг шишали орқа панеллари Nokia'нинг пластик қобиғига нисбатан олганда аввалдан ютуқ олиб берадиган ҳолатда эмасди.

Натижа ҳайратланарли бўлди. Учала қурилма ҳам «тирик» қолди - iPhone 11 Pro орқа панели синиб парчаланган бўлса, Galaxy S10 + бироз кучли шикастланди — камераси ишдан чиқди. Nokia эса ҳатто парчаланиб кетмади ва ҳеч нарса бўлмагандек ишлашда давом этди. 

Албатта, видео остидаги шарҳларда эски Nokia ҳақида ҳазилларни учратишингиз мумкин.

Ғалати, нега Nokia қулашидан сўнг сайёра иккига бўлиниб кетмади? (Ian Meyer)

Бу ФЕЙК! Ҳақиқий «нокиа» Ернинг ядросигача етган бўларди. (Yikes

Nokia парчаланмаган. У планетани асраб қолиш учун ўзини қурбон қилган. (Koko Lolo)

Nokia қулаши Ерни ўз ўқидан чиқариб юбормаганига ҳайронман. (The Jokke Rulez)

Мавзуга оид