Кремль қачон барпо қилинган? Kun.uz билан қўриқхона-музейга фотосаёҳат
Московский Кремль — Россия пойтахти Москва Кремли шаҳар марказидаги қалъа бўлиб, шаҳарнинг энг қадимги қисмида қад ростлаб туради. У шаҳарнинг асосий ижтимоий-сиёсий, тарихий-маданий мажмуасидир. Бугунги кунда Кремл Россия Федерацияси президентининг расмий қароргоҳи ҳисобланади.
Кремл Москва дарёсининг юқори сўл соҳилида, Боровицк тепалигида жойлашган. Унинг режа тархи нотўғри учбурчак бўлиб, 27,5 гектар майдонни эгаллайди.
Умуман, Москва шаҳри ҳақидаги илк эслатмалар тарихий манбаларда 1147 йилга оиддир. Бугунги кунда қўриқхона-музей ҳам ҳисобланадиган Кремл ҳудудида илк қалъа 1156 йилда барпо этилган. Ўшанда девор узунлиги 850 метрни, майдони 3 гектарни ташкил этган. Бундан ташқари, истеҳком атрофи энига 16-18 метр, чуқурлиги камида 5 метр бўлган зовур билан ўралган.
1264 йилдан эътиборан Кремл Москва князлари қароргоҳи ҳисобланган. 1272 йилда княз Даниил Александрович Спасопреображенский черковини барпо қилган. XIV асрда Кремлда 5та ибодатхона қурилган.
1366—1368 йилларда княз Дмитрий Донской Кремлнинг ёғоч деворларини маҳаллий оқтошдан қайта барпо қилади. Шу вақтдан бошлаб, тарихий манбаларда «Москва белокаменная» сўзлари учрайди.
XV асрнинг иккинчи ярмида ҳукмронлик қилган Иван III даврида Москва Кремли қайта қурилган. Романовлар оиласи ҳукмронлиги билан Кремл ҳудудида черковлар ва бошқа бино ва иншоотлар қурилиши фаол равишда олиб борилган. Аммо, Петр I даврига келиб, Москва Кремли ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Петр I Санкт-Петербург шаҳрини пойтахтга айлантиргач, қалъа доимий подшоҳ саройи мақомини йўқотди. XVIII асрга келиб, Кремл қурилиши ўзгача тус олди. 1701 йилда Кремл кулини кўкка совурган ёнғиндан сўнг, Пётр истеҳком ичкарисида ёғочдан бинолар қуришни тақиқлади.
Таъкидлаш ўринлики, Кремлнинг тарихий-маданий меросига советлар даври жуда катта талофат етказган.
Константин Михайлов «Йўқ қилинган Кремль» китобида ёзишича, «XX аср бошида Москва Кремли ансамбли деярли ярмига йўқ қилинган». Ўтган аср бошида истеҳкомда 54та турли хил бино-иншоот бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ярмидан кўпи, 28таси мавжуд эмас. 1918 йилда бевосита Ленин раҳбарлигида қатор тарихий аҳамиятга молик бинолар бузиб ташланган.
1922 йили черков бойликларини олиш мақсадида Кремл соборларидан 300 пуд кумуш (1 пуд – 16,38 кг), 2 пуд олтин, минглаб қимматбаҳо тошлар мусодара қилинган.
1990 йили Кремль ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. 1991 йилдан Россия президентининг расмий қароргоҳи деб эълон қилинди.