«Одамлар жангга отланди»: Франция пенсия ислоҳотлари туфайли намойишга чиқди
Францияда мамлакат президенти Эммануэль Макрон таклиф қилган пенсия ислоҳотлари туфайли умуммиллий намойишлар бошланди. Бу сўнгги ўн йилликдаги энг йирик намойишлар бўлиши кутилмоқда.
Ўқитувчилар, жамоат транспорти ҳайдовчилари, суд ходимлари, тиббиётчилар, авиадиспетчерлар ва бошқа кўплаб соҳалар вакиллари кўчаларга чиқишган. Полициячилар орасида ҳам намойишларга қўшилганлар бор.
Кўплаб мактабларда ўқиш тўхтаб қолган, жамоат транспортида узилишлар юзага келган, кўплаб шифохоналарда жуда кам сондаги ходимлар хизмат кўрсатмоқда.
Сўнгги вақтлардаги энг йириги деб ҳисобланаётган бу намойиш Макроннинг универсал пенсия тизими бўйича таклифига қўшилмаган касаба-уюшмалари билан келишилган ҳолда ташкиллаштирилган.
«Биз иқтисодиётни тўхтатиб қўйишимиз керак. Одамлар жангга отланди», дея сўл кучларнинг Force Ouvriere касаба-уюшмаси етакчиларидан бири Кристиана Грольенинг сўзларини келтирмоқда Рейтерс агентлиги.
Ҳукумат норозилик акциялари ўтказилишидан аввалдан хабардор эди ва транспорт коллапси юзага келиши ва иқтисодиётга жиддий зарар бўлмаслиги учун маълум тайёргарлик ишларини амалга оширди.
Иш ташлашлар давом этиши кутилмоқда, айрим касаба-уюшмалари раҳбарлари Макрон ўз режасидан воз кечмагунча намойишлар давом этишини маълум қилган.
Ислоҳотлар нега бу қадар норозилик келтириб чиқарди?
Францияда ўнлаб турли пенсия дастурлари мавжуд. Макрон бу тизим мураккаб ва қимматга тушади деб ҳисобламоқда. У пенсия ҳисоблашнинг ягона механизмини йўлга қўйишни истамоқда.
Президентнинг режаси ҳар бир ишланган кун учун балл қўйиб бориш тизимини назарда тутади. Унга кўра, келгусида пенсия ҳажми тўпланган балларга асосланади.
Янги тизимда кўплаб касблар вакиллари, жумладан, денгизчилар, ҳуқуқшунослар ва ҳатто артистлар пенсия имтиёзларидан маҳрум бўлишади.
Францияда пенсия ёши сўнгги 10 йилда 60 ёшдан 62 ёшга кўтарилди. Лекин шунда ҳам бу тараққий этган давлатлардаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Масалан, Буюк Британияда одамлар 66 ёшдан пенсияга чиқишади.
Макрон томонидан таклиф қилинган ислоҳот пенсия ёшини яна оширишга олиб келади, чунки таклиф қилинаётган тартибга кўра 62 ёшда нафақага чиқиш пенсионер ёшидаги фуқаро учун фойдасиз бўлиб қолади. Тўлиқ ҳажмда пенсия олиш учун французлар 64 ёшгача ишлашларига тўғри келади.
Французларнинг аксари иш ташлашга рози
Жамоатчилик орасида ўтказилган сўровлардан бирининг натижаларига кўра, аҳолининг 70 фоизи иш ташлашни қўллаб-қувватлайди, уларнинг аксар қисми 18-34 ёшдаги кишилардир.
Шу билан биргаликда, французларнинг 75 фоизи ҳозирги пенсия тизими ислоҳотга муҳтож эканини таъкидлаган, аммо учдан бир кишигина ҳукумат адекват ислоҳот ўтказа олишига ишонади.
1995 йилда ўтказилган иш ташлашлар ҳам пенсия ислоҳотлари туфайли бошланган ва ўшанда уч кун давомида транспорт тизимида коллапс юзага келганди. Ўша намойишлар аҳолининг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланган, якунда ҳукумат ортга чекинишга мажбур бўлганди.
Мамлакат ички ишлар вазири Кристоф Кастанер мамлакат бўйлаб 250га яқин жойда намойишлар ўтказилиши, шуларнинг айримлари тартибсизликлар билан якунланиши кутилаётганини билдирди.
«Биз намойишларда жуда кўплаб одамлар иштирок этиши ва қандай хавф мавжудлигини биламиз. Мен тартибсизликлар юзага келгудек бўлса зудлик билан тартиббузарларни қўлга олиш бўйича топшириқ бердим», деган у.
«Сариқ нимчалилар» ҳаракати иштирокчилари янги намойишларга қўшилишини билдиришган.
Иш ташлашларда кимлар иштирок этмоқда
Иш ташлашда қатнашмаган одамлар иш жойларига жуда катта қийинчиликлар билан етиб бормоқда: жамоат транспорти касаба-уюшмалари аъзолари ҳам акцияларга қўшилишган.
SNCF темир йўл компанияси маълум қилишича, ходимларининг атиги 10 фоизи ишга чиқмоқда. Айрим ҳудудий йўналишлар аҳолига умуман хизмат кўрсатмаяпти.
Узилишлар Eurostar ва Thalys каби халқаро йўналишларни амалга оширувчи компаниялар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Eurostar 10 декабрга қадар поездлар ҳаракати жадвалига ўзгартиришлар киритган.
Парижда метро, трамвай ва автобуслар хизматини кўрсатувчи RATP транспорт оператори кун давомида узилишлар бўлишидан огоҳлантирмоқда.
Метронинг 16 йўналишидан фақат 5таси ишламоқда. Шаҳар ташқарисидан марказга етиб бориш деярли иложсиз ишга айланган.
Сентябрь ойида, метро ишчилари иш ташлаганида одамлар ишга велосипед ва самокатларда қатнашга мажбур бўлганди.
Авиадиспетчерлар ҳам ишга чиқишмаган. Air France компанияси ички рейсларнинг 30 фоизини бекор қилган. EasyJet эса 200дан ортиқ рейсни бекор қилишга мажбур бўлган.
Шунингдек, ҳамширалар, шифохоналар ходимлари, юристлар, полициячилар, чиқинди ташувчилар, энергетик компаниялар ходимлари ва мактабларда бошланғич синфларнинг ўқитувчилари намойишларга чиқишган.
Бошланғич синфлар ўқитувчилари касаба-уюшмаси пайшанба куни мактабларнинг қарийб 40 фоизи ишламаслиги ҳақида огоҳлантирганди. Ўқитувчиларнинг 70 фоизидан ортиғи намойишларда қатнашиш ниятини билдирган.
Юқори синфлар ўқитувчилари касаба-уюшмаси ўқитувчиларнинг 60 фоизидан ортиғи иш ташлаши, лекин барча мактабларда ўқиш бўлишини маълум қилган.
Фермерлар намойишларда қатнашмасликларини билдиришган. Ҳолбуки уларнинг пенсияси мамлакатдаги энг кам миқдордаги пенсия ҳисобланади.
Полиция билан тўқнашувлар
Париж, Лион, Бордо, Нант ва Франциянинг бошқа кўплаб шаҳарларида намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида илк тўқнашувлар юзага келди.
Намойишчилар полицияга қарата тутунли портлагичлар ва бошқа турли буюмлар улоқтиришмоқда. Лионда полициячилар намойиш иштирокчиларига кўздан ёш оқизувчи газ қўллашган.
Париж полицияси 65 киши қўлга олинганини маълум қилган.
Елисей саройидагиларнинг айтишича, Франция президенти Эммануэль Макрон французларнинг иш ташлаш ҳуқуқини эътироф этган, шу билан биргаликда пенсия ислоҳотларини амалга ошириш фикрида қатъийлигини билдирган.
Шу кунларда Франция бош вазири Эдуар Филипп пенсия ислоҳотлари билан боғлиқ вазиятни тушунтириб бериш учун чиқиш қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
21:29 / 22.12.2024
Дунёга машҳур «Мона Лиза»ни ким ва қандай ўмариб кетганди?
14:42 / 21.12.2024
Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойигача олиб чиқишни талаб қилди
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
22:17 / 16.12.2024