Light | 14:20 / 15.12.2019
151835
7 дақиқада ўқилади

Қўл-оёқлар нега музлайди?

Ҳолат хавфли касалликлардан дарак бераётган бўлиши мумкин. Ўзингизга эътиборли бўлинг.

Аввало, бошланғич тушунчалар билан танишиб чиқамиз. Оёқ-қўлларнинг музлаши аксарият ҳолатларда одатий бўлиши мумкин. Улар доимо совуқни биринчи сезади ва охирида исийди. Бу ҳаётда қолиш механизмининг муҳим элементидир.

Совуқ муҳит шароитига тушиб қолсак, мия қўл-оёқлардаги томирларни сиқилишга мажбур қилиб, қон айланиши чекланади. Қон камроқ совийди ва оёқ ёки кафтлардан кўра муҳимроқ бўлган ички органларда иссиқликни ушлаб туришга ёрдам беради.

Бироқ, баъзида бошқача бўлади: муҳит унчалик ҳам совуқ эмасга ўхшайди, аммо қўлларингиз ва оёқларингиз барибир музлай бошлайди ва уларни қиздира олмайсиз. Бу нима билан боғлиқ бўлиши ҳақида қуйида ўқийсиз.

1. Сиз ташвишланасиз, стрессга тушгансиз

Стрессли вазиятга организмнинг табиий жавоб бу қонга адреналин чиқарилишидир. Ушбу гормон танани сафарбар қилишга ёрдам беради ва «жанг ёки югуриш» ҳолатига самарали тайёрлайди. Атрофдаги қон томирларининг кескин торайиши тайёргарликнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Жанг ёки югуриш пайтида қўл ёки оёғингиздан жароҳат олиш вазиятида ушбу қисилиш керак бўлади: қон йўқотиш камроқ бўлади, демакки, ҳаётингизни хавф остида қолдирмайди.

Албатта, замонавий ҳаётда стресснинг йиртқич ҳамласи ёки ўткир қилич билан қуролланган душманнинг ҳужуми билан боғлиқлиги камдан-кам учрайди. Аммо тананинг реакциялари ўзгармасдир: оёқ-қўллардаги томирлар кескин тораяди, қон айланиши ёмонлашади. Натижада қўл ва оёқларда ҳарорат тушиб кетади. 

Чораси қандай?
Энг муҳими, дам олиш ва тинчланиш. Стрессдан халос бўлишингиз билан оёқларингиз ва қўлларингиз яна исий бошлайди.

2. Сизда қон айланиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд

Қон айланишининг ёмонлиги, оёқ-қўллар муздек бўлишининг энг кенг тарқалган сабабларидан биридир. Қон айланишининг ёмонлашишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин: 

  • томирларни торайтирадиган ноқулай ҳолатда туриш;
  • томирларнинг варикоз кенгайиши; 
  • холестерин ошиши, у томирларда қон оқимига халақит қиладиган тангачалар (бляки) юзага келлтиради;
  • чекиш;
  • юрак-қон томир касалликлари; 
  • камҳаракат ҳаёт тарзи. 

Чораси қандай?
Агар музли оёқ муаммоси сизни доимий равишда безовта қилса, шифокор билан маслаҳатлашинг. У қон айланиши бузилишининг аниқ сабабини аниқлайди ва унинг олдини олиш учун зарур тавсиялар беради. Гап, аксинча, бир марталик вазият ҳақида кетаётган бўлса, эҳтимол, ўрнингиздан туришингиз ва қизиб олишингиз етарли. 

3. Сизда темир танқислиги камқонлиги мавжуд

Оддий қилиб айтганда, қонда гемоглобин етишмаслиги. Мунтазам совуқ қўллар ва оёқлар ушбу касалликнинг асосий аломатларидан биридир. 

Чораси қандай?
Темир етишмаслиги, қоида тариқасида,  ўзини заифлик, тез чарчоқ, мўрт сочлар ва тирноқлар орқали сездиради. Агар сиз музлаш билан бир қаторда ушбу аломатларни ҳам пайқасангиз, шифокорингизга мурожаат қилинг. У қон таҳлили натижаларига кўра рационни тартибга солишни маслаҳат беради ёки махсус дори-дармонларни буюради. 

4. Сизда қалқонсимон гормонлар етарли эмас

Гипотиреоз жуда кенг тарқалган ҳолат бўлиб, дастлабки босқичларда деярли ўзини сездирмайди. Эҳтимол, кичик белгилар кузатилар: тез чарчаш, шишларга мойиллик, вазн ортиши, ич қотиши, тери қуруқлашиши... Қўл ва оёқлар музлаши ҳам метаболизм учун муҳим бўлган гормонлар етишмаслигининг эрта аломатларидан бири бўлиши мумкин.

Чораси қандай?
Яна, шифокор қабулига боришни маслаҳат берамиз (дарҳол эндокринологга боришингиз мумкин) ва қалқонсимон гормонлар таҳлили учун қон топширинг. Натижага кўра, агар керак бўлса, шифокор сизга қўшимча текширувлар ва даволанишни буюради. 

5.  Сизда қандли диабет бор

Қонда глюкоза ортиши қон томирларига салбий таъсир қилади: улар эластик қобилиятини йўқотади ва тораяди. Ш сабабли, тўқималарга борувчи қон оқими ёмонлашади ва оёқ-қўллар музлай бошлайди. 

Бундан ташқари, диабетнинг ёқимсиз асоратлари бор —  мунтазам юқори шакар миқдори туфайли оёқ кафтларида асаб тугунлари шикастланиши сабабли периферик нейропатия. Натижада, оёқларингиз ёнаётгандек ёки аксинча,  музли бўлиб туюлиши мумкин.

Чораси қандай?
Эҳтимолий диабет касаллигини тасдиқлаш ёки рад этиш учун терапевт билан боғланинг. Агар касаллик ташхиси қўйилса, шифокор оёқ музлашидан халос бўлишга ёрдам берадиган даволанишни таклиф қилади.

6. Сизда буйрак билан боғлиқ муаммо бор

Буйраклар фаолиятида носозликлар юзага келиши шиш пайдо бўлишига олиб келади, бунда томирлар сиқилиб, қон айланиши бузилади. Бу аввало оёқ-қўллар шиши ва натижада доимий совуқликка сабабчи бўлади.

Чораси қандай?
Шифокорга мурожаат қилинг. У буйракларингизни текширишга ёрдам берадиган таҳлилларни тайинлайди. Агар зарурият туғилса, шиш ва у билан боғлиқ ёқимсиз симптомлардан халос бўлишга ёрдам берадиган дори-дармонларни буюради. 

7. Сизда анорексия бор

Бундай овқатланиш бузилиши, одам овқат ейишни рад этишига ва тез вазн йўқотишига олиб келади. Анорексия сабаб бўлган ёғ тўқималари етишмаслиги туфайли танада иссиқликни сақлаб қолиш қийинлашади. Ҳаётий муҳим ички органларнинг ишлаши учун зарур бўлган ҳароратни ушлаб туриш учун мия атроф-муҳитда — оёқ-қўлларда қон айланишини чеклайди. 

Чораси қандай?
Анорексия оёқ ва қўлларни музлатишдан ташқари етарли аломатларга эга. Уларнинг асосийлари кескин вазн йўқотиш ва «ортиқча» калория олдида таҳлика. Агар бу сизга таниш бўлса, жиддий бузилишларнинг ривожланишини ўтказиб юбормаслик учун зудлик билан терапевт кўригига боринг. 

8. Сиз сурункали равишда етарли даражада ухламайсиз

Уйқусизлик моддалар алмашинуви ва умумий қон айланишини секинлаштиради. Қон айланиши секинлашиши эса бошқалар қатори, оёқларимизни музлатади.

Чораси қандай?
Ухлаб олинг ва доимий равишда кунига камида 7-8 соат дам олишга ҳаракат қилинг. Бу нафақат оёқ-қўлларни иситишга ёрдам беради, балки умумий фаровонлик ва соғликка фойдали таъсир кўрсатади.

Мавзуга оид