Жаҳон | 21:30 / 17.12.2019
8356
2 дақиқада ўқилади

Бир йил ичида 10 млрд доллар: Disney рекорд натижани қайд қилди

Walt Disney киностудиясининг фильмлари намойишидан тўплаган пули 2019 йил бошидан бери 10 млрд доллардан ошиб кетди. Компания бундай рекорд натижага “Муз юрак-2” (Frozen 2) мультфильми дунё прокатида 1,032 млрд доллар йиға олгандан кейин эришди.

Фото: Reuters

MarketWatch маълумотларига кўра, Disney 2016 йилдаги рекордини янгилаб, бир йил ичида 10 млрд доллардан кўпроқ маблағ йиға олган илк киностудияга айланди ва йил охиригача ҳали бу кўрсаткични яхшилаши мумкин. 2016 йилда компаниянинг касса тушумлари 7,6 млрд долларни ташкил қилган.    

Жорий йилда Disney’нинг 6 та фильми намойишлардан 1 млрд доллардан кўпроқ пул йиға олган. Булар: “Муз юрак-2”, “Қасоскорлар: Интиҳо” (2,798 млрд доллар), “Қирол Шер” (1,656 млрд доллар), “Капитан Марвел” (1,130 млрд доллар), “Оловиддин” (1,032 млрд доллар) ва “Ўйинчоқлар тарихи 4” (1,074 млрд доллар). 

20 декабрда Disney “Юлдузлар жанглари” фильмининг 9-қисми –  “Юлдузлар жанглари: Скайуокернинг юқорилаши”ни (Star Wars: Episode IX - The Rise of Skywalker) экранларга чиқаради ва у компаниянинг жорий йилда 1 млрд доллардан кўпроқ маблағ тўплаган 7-фильми бўлиши мумкин. 

MarketWatch’нинг фикрича, кинокомпания 2020 йилда бундай муваффақиятни такрорлай олиши даргумон, чунки компанияда “Муз юрак-2”, “Юлдузлар жанглари” ҳамда “Қасоскорлар” каби сердаромад фильмлар давомлари чиқиши режалаштирилмаган.   

Disney 2020 йил март ойида “Мулан”, май ойида “Қора бева” (Black Widow), июлда эса “Жунглилар бўйлаб саёҳат” (Jungle Cruise) фильмларини намойишга чиқариши режалаштирилган.  

Мавзуга оид