Ўзбекистон | 00:17 / 20.12.2019
25471
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органларида ортиқча вазнли ходимлар сони 30 фоизга камайди – ИИВ вакили

Президент танқидидан сўнг ички ишлар тизимидаги ортиқча вазнга эга ходимлар рўйхати тузилиб, уларга озиш учун вақт берилган эди. Ҳозирга келиб ортиқча вазнли ички ишлар ходимлари сони 30 фоизга камайган.

Бу ҳақда ИИВ Кадрлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фарид Абдиевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Танқиддан сўнг тиббиёт хизматларимизда ҳар бир ходимнинг вазни қайтадан ўлчаб чиқилган. Белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган ходимлар рўйхати алоҳида қилиниб, бу бўйича тиббий профилактика ишлари амалга оширилди. Ўз устида ишламаётганлар алоҳида рўйхатга олинган.

ИИВ тизимида кейинги йилнинг биринчи чораги давомида асосий хизматларимиз – патруль-пост ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари аттестациядан ўтказилади. Аттестация жараёнида уларнинг [ортиқча вазнли ходимларнинг] ишда қолиш ёки қолмаслик масалалари кўриб чиқилади», – деди Абдиев 19 декабрь куни матбуот анжуманида.

ИИВ мулозимига кўра, ўз устида ишламаган, семизлик даражасини камайтиришга эришмаган ходимларга маълум муддат берилган, ўзининг устида ишлашга имконият тақдим этилган. Уларга тиббий муассасалар томонидан овқатланиш рациони бўйича тавсиялар берилган, бундан ташқари ортиқча вазнли ходимлар билан касбий ва жисмоний тайёргарлик борасида ҳам алоҳида машғулотлар ўтказилган.

Маълум қилинишича, ноябрь ойи якуни ҳолатига кўра, ортиқча вазнга эга ички ишлар ходимлари сони 30 фоизга камайган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида мудофаа ва ички ишлар тизимидаги ортиқча вазнга эга ходимларни танқид қилган, уларга озиш учун учун муддат берилишини айтган эди

Мавзуга оид