Жаҳон | 10:40 / 08.01.2020
38470
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй генерал Сулаймонийнинг бартараф этилиши сабабини тушунтирди

Фото: REUTERS

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О’Брайен Ислом инқилоби соқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши сабабини тушунтирди.

Генерал 3 январда Бағдод аэропорти яқинида АҚШ ҳарбийлари зарбаси вақтида ўлдирилган. Сулаймонийни бартараф этиш амалиёти шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғи билан амалга оширилган.

О’Брайен Сулаймонийнинг ўлдирилишини “ўз-ўзини ҳимоя қилиш” деб атаган ва зарба аввалдан режалаштирилганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бу қон тўкилишлар ва қотилликлар олдини олиш учун муҳим бўлган.

“Бизда бўлган ва биз ишончли деб ҳисоблаган маълумот Сулаймоний ва у билан тил бириктирганлар яқин кунларда кўплаб америкалик дипломатлар ва ҳарбийларни ўлдиришга тайёрланаётганига ишора қилган”, деб айтган О’Брайен Fox News телеканалига берган интервьюсида.

АҚШ вакилининг таъкидлашича, АҚШ президентининг энг устувор вазифаси америкаликлар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади ва шу сабабли президент “ушбу муваффақиятли амалиётни ўтказишга рухсат берган”.

Мавзуга оид