Спорт | 16:40 / 17.01.2020
35923
2 дақиқада ўқилади

Дердийўқ «Пахтакор»га ўтди

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Туркиянинг «Гўзтепе» клуби ҳужумчиси Эрен Дердийўқни ўз сафига қўшиб олди.

Futbol Online нашрининг твиттердаги саҳифасида швейцариялик футболчининг тошкентликлар клуби либосини кийган ҳолда «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе билан тушган суратини эълон қилган. Футболчи шартномага имзо чеккан.

Transfermarkt’га кўра, футболчининг трансфер баҳоси 350 минг еврони ташкил этади. Маълумотларга кўра, 31 ёшли футболчи Тошкент клубига эркин агент мақомида келмоқда. Унинг янги клубидаги маоши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ушбу тажрибали футболчи 10 февраль куни «Пахтакор» сафида дебют қилади, шу куни «шерлар» Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини Дубайнинг «Ал-Аҳли» клубига қарши бошлайди.

Асли турк миллатига мансуб швейцариялик ҳужумчи 2014-2015 йилларда «Қосимпошо» клубида Шота Арвеладзе қўл остида тўп сурган. 

Дердийўқ профессионал фаолиятини 2008 йилда Швейцариянинг «Базель» клубида бошлаган, 2009-2012 ва 2013-2014 йилларда Германиянинг «Байер» клубида тўп сурган, 2012-2013 йилларда Бундеслиганинг бошқа бир вакили «Ҳоффенҳайм» аъзоси бўлган. У 2014 йилда Туркияга келиб, 2014-2016 йилларда «Қосимпошо», 2016-2019 йилларда «Галатасарой» клублари шарафини ҳимоя қилган, жорий мавсум аввалида «Гўзтепе»га келган ва Туркия Суперлигасининг 5та учрашувида иштирок этганди. 

Мавзуга оид