Иқтисодиёт | 12:00 / 19.01.2020
31908
8 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳаси муаммолари: Бу чорасизликнинг чораси борми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 январь куни қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Мажлисда қайд этилган камчиликларни ва берилган кўрсатмаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, айтиш керакки, барча соҳаларда бўлгани каби қурилишлар йўналишида кечаётган жараёнлар, умуман, мамлакатда ўтказилиши эълон қилинаётган кенг кўламли комплекс ислоҳотлар тақдирига боғлиқдир. Ҳаққоний парламент, мустақил суд ва оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва ростакамига йўлга қўйилган жамоатчилик назорати, коррупцияга қарши муросасизлик муҳитисиз ислоҳотлар амалга ошиши даргумондир. Иқтисодий ислоҳотлар тақдири сиёсий, маъмурий, мулкий ислоҳотларсиз амалга ошмаслиги аён ҳақиқатдир.

Энг муҳим масалалардан бири мамлакатда монополияга ва коррупцияга қарши курашдир.

Қурилиш соҳасида нималардан нолиймиз? Малакасиз ишчилар, сифатсиз материаллар, пала-партишлик, назоратсизлик... Шу муаммоларнинг илдизига қарайлик. Ҳаммаси бюджетдан пул ажратилганда бошланади.

«Давлатнинг пули, давлатдан ўмарса бўлаверади, давлатнинг пули кўп ва қайтиб сўрайдигани йўқ...» деган аслан нотўғри тафаккур бор. Давлатнинг бюджети пули аслан биз тўлаган солиқлардан, божлардан, тўловлардан тўпланган пулдир.

Давлатнинг ўз бизнеси бор, албатта. Масалан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари» ва бир қанча давлат улуши бор корхоналар – давлат улушига эга бу хўжалик субъектларига келсак, уларнинг ҳаммаси, берилган имтиёзлар ва устуворликларга, монопол шароитларга қарамасдан, банкротлик ҳолатидалигини, солиқ, бож имтиёзларисиз яшай олмаслигини айтади, яъни биз бюджетга озгина топганимиздан солиқ тўлаймиз, бу улкан корхоналар миллиардлаб айланмасидан солиқ тўламайди. Давлат кучли бизнесмен эмаслиги аёндир ва бунинг илдизи ҳам «давлатникини ўмарса бўлади» деган кайфиятда ўтирган давлат корхонасининг мутасаддиларидир. Инсон мулки ва хусусий корхонаси бўлганда, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликка кенг йўл қўйилганда бу суиистеъмолчиликлар бўлмасди, инсон ўзи ўзиникини ўмармайди.  

Масалан, инсон ўзи учун уй қурса, уни пала-партиш қурадими?! Ахир, унда фарзандлари яшайди-ку? Болаларини том босиб қолса, нима бўлади?! Қурилишга ажратган ўз пулини ўмариш, «откат» олиш учун икки ғиштли ерга бир ғишт қўйиб, томни арматурасиз плитадан қурадими?! Йўқ! Асло! Ижтимоий тармоқда қурилиш ташкилоти ичида арматурасиз бетон плиталардан қураётган уй видеотасвирини кўрдик-ку...

Аввало бюджетдан қурилишга ажратилган пулдан фойдаланиш учун даъвогар қурилиш фирмалари ва ташкилотларига пул таниш-билишчилик, қавм-қариндошчилик, ҳокимиятга яқинлик асосида ажратилади ва маблағнинг бир салмоқли қисми шу ерда гумдон бўлади. Ва бу «харажат»ни қоплаш учун қурилиш ташкилоти материалдан, иш ҳақидан уради – арзон ва шу туфайли сифатсиз материалларни ишлатади ҳамда бир сира сурилган бўёқни «уч сира» сурилди деб расмийлаштиради, бетон учун қумга цементни уч-тўртга бир эмас, ўнга бир солади. Малакали қурувчига муносиб маош бериш керак, у камига ишга келмайди, шунинг учун мардикор бозоридаги бу касбга малакаси бўлмаганларни арзонга ёллайди. Ахир, тепага узатган қурилиш ташкилоти мутасаддиларининг ҳам ўз нафси бор, қолаверса, агар «ўмариш» имкони бўлмаганда тепага бериб буюртмани олмасди. Манфаати бўлмаса, ўз-ўзидан арзон материаллар ва малакасиз ишчиларни олармиди, пала-партиш ишлармади?!

Эътибор қилинг, хусусий фирмалар уй қуриб, сотади – сифатсиз бўлса, харидор олмайди, шунинг учун имкон қадар бақувват ва, табиийки, қиммат қуради. Албатта, бу уйлар ҳали вақт ва жиддийроқ зилзила синовидан ўтмади. Агар бирор фирманинг уйи қулаб тушса ёки бўлиниб, ёрилиб кетса, одамлар бу фирма қурган уйларни олмай қўяди. Хусусий қурилиш фирмаси эгасининг топган-тутгани йўқ, ўзи хонавайрон бўлади. Худди колбасаси ичидан эшак гўшти чиққач, тўхтаган ва йўқ бўлган фирмалар каби. Хусусий мулк эгаси ўз фирмасининг обрўси ва мулкининг ривожи учун қайғуради. Давлат бюджетига дохил, давлат пулини (аслида солиқ тўлаётган халқ пулини) тасарруф этаётган мутасаддилар эса «кўпроқ юлиш» учун ташвишдадир. Буни турли қарорлар, мажлислар, бақир-чақирлар билан тўхтатиш имконсиз экани кўп йиллар давомида исботланган ҳолатдир.

Пала-партиш ишлашнинг яна бир сабаби биздаги «байрам»ларга, «фалон сана»ларгача шошилиб қуриш, «тасмани тантанали кесиш» талабидир. Бола тўққиз ойда туғилгани каби, бинолар ўз муддатида битиши керак. Пала-партишликнинг оқибати ҳалокатлидир.

Бу камчиликларни «қатъий назорат» қилиш масаласи-чи?! Назорат ҳақида ўйлаганда, бир гуржи ривояти ёдимга тушади. Узумзор боғлари бор, шаробчилик билан шуғулланадиган бой боғбон салқин ертўладаги шароб тўла улкан хумларни қўриқлаш, қараш учун қоровул ёллабди. Бир куни ертўлага тушса, катта бир хумнинг ортида битта пиёла турганмиш, пиёланинг таги нам, шароб юқи эди. Демак, қўриқчи қоровулнинг ўзи ўғридир. У қоровулни назорат қилиш учун бир ишчини ёллабди. Хотиржам кунларнинг бирида ертўлага тушса, хумнинг ортида энди таги нам бўлган иккита пиёла турар эди...

«Ҳудудлардаги барча қурилишлар ягона буюртмачи хизмати ташкилотларига топшириб қўйилгани» ҳам вазиятни ўнгламади. Назоратчининг нафси бор ва у ҳам «оғизсиз» туғилмаган. Турли инспекциялар ҳам шу кабидир.

Бу чорасизликнинг чораси борми? Бор! Бу ислоҳотларни изчил, комплекс, универсал ҳодиса эканлигини англаш ва ҳаракат қилишдир. Ҳаққоний, турли фикрларга йўл берадиган, ростини айтишдан қўрқмайдиган реал парламент, ҳокимлар айтган одамни эмас, қонунбузарни жазолайдиган мустақил судлар, эркин оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг ясама, хўжакўрсинга бўлмаган жамоатчилик назоратидир.

«Жамоат назоратчиларининг, оммавий ахборот воситаларининг нафси йўқми?» – деган савол туғилиши мумкин. Синоат шундаки, агар матбуот ҳам бир қўлда жамланса ва у қўл имзоси билан ишласа, у қўл эгасининг нафси ҳукмрон бўлиши мумкин. Аммо чинакам сўз эркинлиги шароитида бу журналистнинг оғзи беркитилгани, у блогернинг лаби мойлангани ёки қўрқитилгани билан мавзуни бошқа бир журналист ёки блогер давом эттиради – глобал тармоқлар ва оммавий коммуникациялар даврида минглаб журналистлар ва блогерларнинг ҳаммасини сотиб олиш ёки қўрқитишнинг имкони йўқдир. 

Давлат бюджети – халқимизнинг, ҳаммамизнинг маблағимиздир. Ҳаммамиз унга кўз-қулоқ бўлишимиз керак. Ўз бойлигимизга, ўз юртимизга, ўз давлатимизга, тилимизга, динимизга ва шаънимизга соҳиб чиқишимиз керак. Шунинг учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция байрами кунидаги нутқида «Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш йўқ», деди. Биз шунга ишоняпмиз ва умид қилмоқдамиз. Қўрқувимизнинг чекингани ва жасоратимизнинг юз кўрсатаётгани шу туфайлидир.

Карим Баҳриев

Мавзуга оид