АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ўққа тутилди
Бағдоддаги “яшил ҳудуд” ва АҚШ элчихонасининг реактив снарядлардан ўққа тутилиши оқибатида бир неча киши жабр кўрди. Бу ҳақда “Ас-Сумария” телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, элчихона ҳудудидаги одамлар вертолётларда эвакуация қилинган.
Аввалроқ “Ал-Арабия” телеканали хавфсизлик хизматларидаги манбага таяниб АҚШ элчихонасига учта ракета тушгани, улардан бири элчихона ресторанига текканини маълум қилган.
Бағдоднинг ҳукумат идоралари ва хорижий давлатлар элчихоналар жойлашган “яшил ҳудуди” вақти-вақти билан ракета зарбаларига учраб туради. Жумладан, 20 январда ҳам ушбу ҳудуд ўққа тутилиб, бир нечта ракета АҚШ элчихонаси ёнида портлаган.
Яқин Шарқдаги вазият АҚШ кўшинларининг декабрь охирида “Катаиб Ҳизбуллоҳ” шиа ҳаракатининг Сурия ва Ироқдаги объектларига зарбасидан кейин кескинлашганди. Шундан кейин ҳаракат тарафдорлари АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасини қамал қилиб олишган. АҚШ ушбу қамалда эронлик генерал Қосим Сулаймонни айблаб, январь бошида Бағдод аэропорти яқинида унга қарши амалиёт ўтказган.
Шундан кейин Эрон Сулаймонийнинг ўлдирилишига жавобан 8 январга ўтар кечаси АҚШнинг Ироқдаги иккита базасига ракета зарбалари берган ва бу билан чекланиб қолмаслигини таъкидлаган.