Жаҳон | 13:59 / 31.01.2020
8109
4 дақиқада ўқилади

Британия Европа Иттифоқи таркибидаги сўнгги кунини ўтказмоқда 

Британия 31 январь кечки пайт 2016 йилда Европа Иттифоқида аъзолик бўйича ўтказилган референдумдан 3,5 йил ўтиб иттифоқ таркибини тарк этади.  

Фото: Getty Images

Британия Лондон вақти билан соат 23:00дан Европа Иттифоқи аъзоси бўлишдан тўхтайди. Шу сабабли Бирлашган қиролликда ушбу муҳим воқеага фаол тайёргарлик кетмоқда. Жумладан, бош вазирнинг Даунинг-стритдаги қароргоҳи биносига проекцияланган соат Brexit’гача қолган вақтни кўрсатиб турибди.

Шунингдек, ушбу ҳодисага аталган 50 пенслик танга муомалага чиқарилади. 

Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам шу муносабат билан Англия шимолида ҳукумат аъзолари билан учрашув ўтказади. Жонсон кейинроқ, мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқишига бир соат қолганда миллатга мурожаат билан юзланади. Бош вазир аввал таъкидлаганидек, “Брекзит” “Британия учун ажойиб, умид ва янги имкониятлар лаҳзаси бўлади”.  

Ўз навбатида Европа бу воқеа муносабати билан алоҳида тадбирлар режалаштирмаган. Брюссель “Брекзит” бўйича матбуот учун баёнот бериш билан кифояланиб қолади. 

Британиянинг Европарламент биноси яқинида осилган байроқлари туширилади. Бу жараён ҳам бирор-бир маросимларсиз ўтиши кутилмоқда. Байроқлардан бирини кейинроқ Европа Иттифоқининг Брюсселдаги музейида жойлаштириш режалаштирилган.

“Брекзит”дан кейин Британияда 2020 йил 31 декабргача давом этадиган ўтиш даври бошланади. Бу давр Европа Иттифоқи ва Британияга ҳал қилинмай қолган масалаларни муҳокама қилиш ва бўлғуси муносабатлар бўйича бир тўхтамга келиш учун керак бўлади. 

Ўтиш даврида Британия Европа божхона иттифоқида ва ягона бозорида қолаверади, Британия ва Европа Иттифоқи ўртасида эркин ҳаракатланиш сақланиб қолади. Шу билан бирга, Британия Европарламент ва Еврокомиссияда аъзолик қилишдан тўхтайди, яъни Британия Европа Иттифоқи қоидалари ва қонунларига амал қилади, бироқ унда ўз овози ҳуқуқи бўлади.

Томонлар ҳал қилиши керак бўлган асосий масала – янги савдо келишуви бўлиб, агар улар бу борада бир тўхтамга кела олишмаса, ЕИ ва Британия ўртасидаги савдо Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига биноан юз беради, бироқ бу икки томон учун ҳам нафли эмас.

Шунингдек, томонлар ҳуқуқшунослик, хавфсизлик, маълумотлар алмашиш, дори-дармонларни лицензиялаш, авиация стандартлари ва газ ҳамда электр энергия етказиш соҳалари бўйича келишувга эришишлари лозим бўлади. 

Brexit бўйича референдум Британияда 2016 июнида бўлиб ўтганди ва унинг натижаларига кўра 52 фоиз аҳоли Европа Иттифоқи таркибидан чиқишга, 48 фоизи унда қолиш учун овоз берган.

Brexit тартиботи бўйича музокаралар жараёни режалаштирилгандан анча узоқ давом этган. Референдум ўтказилгандан Brexit амалга оширилгунга қадар Британияда уч бош вазир алмашишга улгурган: Европа Иттифоқидан чиқишга қарши чиққан ва референдумдан кейиноқ истеъфога чиққан Дэвид Кэмерон, Европа Иттифоқи билан таклиф қилган келишуви Британия парламенти томонидан бир неча марта рад этилган Тереза Мэй ва “Брекзит”ни охиригача етказиб қўйишни ваъда қилган ва бунга муваффақ бўлган Борис Жонсон. 

2019 йил декабрда айнан Жонсон ташаббуси билан Британияда муддатдан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди ва унинг натижаларига кўра парламентда унинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилди. Айнан шу парламент ниҳоят Brexit бўйича келишувни маъқуллади. Сўнгра уни Британия қироличаси Елизавета II имзолади, 29 январда эса Европа Иттифоқи парламенти ратификация қилди.

Мавзуга оид