Ўзбекистон | 20:10 / 07.02.2020
37251
4 дақиқада ўқилади

Контрактда ўқийдиган талабаларга компенсация тўланмаслигига изоҳ берилди

Беш ой давомида «аъло» ва «яхши» ўқиган, бюджет асосида ўқувчи талабаларнинг стипендиясидаги тафовут 15 февралгача тўлаб берилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов маълум қилди.

Бугун, 7 февраль куни Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигида Молия вазирлиги ва ОТМ ректорлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида стипендия тўлаш тартибига киритилган ўзгартиришлар бўйича қабул қилинган ҳукумат қарори юзасидан муҳим саволларга жавоб берилди.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов талабаларга стипендия тўлаш тартиби ҳақида ахборот берди.

«31 январь куни «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – бюджет асосида ўқиётган талабаларга 2019 йил сентябрь-январь ойларидаги компенсация пули қоплаб берилади. Лекин тўлов-шартнома асосида ўқиётган талабаларга бу қўлланмаяпти.

Айнан шу жиҳат кўплаб норозиликларни келтириб чиқармоқда. Сабабини тушунтириб бераман. Контракт миқдорининг сипендияли ва стипендиясиз тартибини белгиладик. Талаба тўлов учун 400 минг сўмдан берди. 2019 йил сентябргача фақат стипендияли шартнома тўлови бўлган ва бу тўловнинг қиймати «4» баҳонинг пули бўлган. Бу қиймат туширилиб, 400 минг сўм қилинди. Шунинг учун талаба 2019 йил сентябрдан 2020 йил январь ойигача бўлган муддатда ўзи тўлаган шартнома пулига мос равишда стипендия олган. Бунга асосланиб тўлов-шартнома асосида ўқиётган талабаларга стипендия қайта ҳисоб-китоб қилиб берилмайди. Талабалар бу ҳақида огоҳлантирилган. Шартнома шартларида ҳам белгиланган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бузрукхоновнинг қўшимча қилинишича, бюджет асосида ўқиётган талабаларга стипендия қайта ҳисоб-китоб қилинишининг сабаби улар давлат ҳисобидан таълим олишмоқда. Шунга мос равишда ҳукумат уларга компенсация тўловини амалга оширади. Ушбу компенсация пули жорий йилнинг 15 февралигача тўлаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг барча талабаларга бир хил — 400 минг сўм миқдорида стипендия белгиланиши мунозараларга сабаб бўлган, талабаларга бир хил стипендия тўланиши ноқонуний экани айтилганди.

Сарвар Бузрукхонов

Вазирлар Маҳкамасининг 31 январь куни қабул қилиниб, 5 февраль куни эълон қилинган «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, ОТМларда давлат гранти асосида таълим олаётган «аъло» (рейтинг кўрсаткичи – 86 балл ва ундан юқори) ҳамда «яхши» (рейтинг кўрсаткичи – 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштирган талабаларга тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тизимида ОТМлар бўлган вазирликлар ва идораларга 2020 йил учун ажратилган давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади.

Яъни, қайта ҳисоб-китоб фақат давлат грантидагилар билан бўлади, контрактдагилар билан эмас.

 

Мавзуга оид