Ўзбекистон | 21:56 / 07.02.2020
32147
2 дақиқада ўқилади

Рағбатлантирувчи стипендия тайинлаш тартиби эълон қилинди

Ҳар бир ОТМда Стипендия комиссияси тузилади. Комиссияга ўқув ишлари бўйича проректор раислик қилади. Комиссия аъзолари – декан, ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи вакиллари бўлади. Рағбатлантирувчи стипендия тайинлашда вакиллик ҳуқуқи шу комиссияга берилмоқда.

Бугун, 7 февраль куни талабаларга стипендия тўлаш тартибини ўзгартириш юзасидан ҳукумат қарорига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов 2020 йил 1 февралдан фаолиятини бошлаган Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси, Талабалар кенгаши ва Стипендия комиссияси бўйича ахборот берди.

«2020 йил 1 февралидан бошлаб ОТМда Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси шакллантирилади ва шу орқали иқтидорли, фаол ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар қўшимча рағбатлантириб борилади», – деди у.

Маълум қилинишича, эндиликда:

  • ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи – 86 балл ва ундан юқори) бўлган, тўлов-контракт асосида (стипендияли ёки стипендиясиз шаклда эканлигидан қатъи назар) таълим олаётган талабаларга стипендия базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида;
  • иқтидорли, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга уларга белгиланган стипендияларга нисбатан қўшимча 50 фоиз миқдорида рағбатлантириш берилади.

Вазир ўринбосари бу имтиёзларни қўллашда порахўрлик ҳолатлари бўлмаслиги учун қандай тизим ишлаб чиқилганига изоҳ берди.

«Бунда ОТМдаги Талабалар кенгаши жамоатчилик назоратини вазифасини бажаради. Ҳар бир олийгоҳда ўқув ишлари бўйича проректор раислигида Стипендия комиссияси ташкил этилади. Декан, ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи аъзоларидан иборат ушбу тузилма рағбатлантирувчи стипендия тайинлашда вакиллик ҳуқуқига эга бўлади.

Талабалар кенгаши хулосаси асосида ушбу комиссия қайси талабага рағбатлантирувчи стипендия тайинлашни ҳал қилади», – деган Бузрукхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид