Жамият | 11:38 / 08.02.2020
25293
3 дақиқада ўқилади

«Украина халқига ўзбек таомларини тортиқ қиляпмиз» — андижонлик ошпаз Киевда

Ўзбекистонлик ошпаз Украина пойтахтида бир неча йиллардан бери ўзбек таомларини маҳаллий халқ ва хорижлик меҳмонларга тортиқ қилиб келмоқда.

Украинада ўзбекистонлик талабалар, турли касб эгалари ва тадбиркорлар талайгина. Kun.uz мухбирлари Киев шаҳрига сафари давомида ўзбекистонлик ишбилармонлар билан учрашиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлишди.

Улардан бири – 46 ёшли андижонлик ошпаз Санжар Собиржонов. У бир неча шериклари билан 7-8 йилдан бери Киев шаҳрининг «Метроград» савдо марказида «ИЗЮМ – Узбецька кухня» номли кафе очиб, тадбиркорлик қиляпти. Ҳамюртларимиз «Ҳалол» стандарти асосида тайёрланган ўзбек таомларини маҳаллий халқ ва хорижий меҳмонларга тортиқ қилишмоқда.

«Биз мана бир неча ўзбекистонлик йигитлар билан Украина пойтахти Киев шаҳридаги катта савдо марказларидан бирида, ўзбек халқининг миллий таомлари билан бошқа халқларни таништириш мақсадида ҳалол ошхонасини очганмиз.

7-8 йилдан бери шу ерда ишлаймиз. Ўзим Андижоннинг Асака туманидаги савдо техникумини тугатганман, касбим ошпаз. Шу ерда ош, шўрва, лағмон, манти каби ўзбек миллий таомларини «Ҳалол» сертификати асосида таклиф қиляпмиз. Менимча, ҳаммага маъқул келяпти.

Ошхонамизда шикоят дафтарчаси бор. Аммо ичига фақат миннатдорчилик сўзлари ёзилган. Бирорта норозилик шикояти тушгани йўқ. Яхши меҳнат қилиб, ўзимизнинг, халқимизнинг обрўсини туширмасликка ҳаракат қиляпмиз.

Албатта узоқда бўлсак ҳам, Ўзбекистондаги вазиятни кузатиб борамиз. Сўнгги ўзгаришлар билан қизиқамиз. Ижобий ўзгаришлар бўляпти, бундан хурсандмиз.

Украина халқи меҳмондўст, очиқкўнгил, муомалали, самимий халқ экан. Шу томондан ўзбек халқига ўхшаб кетади. Бу ерда одамлар билан тил топишиш осон бўлди.

Келгусида ҳеч кимнинг олдида хижолат бўлмайдиган ҳолда яшаб, қўлимиздан келганча хизмат қилиб, халқнинг дуосини олишни мақсад қилганмиз», – дейди Санжар Собиржонов.

Маълумот ўрнида, «Метроград» Киев шаҳридаги ер остида жойлашган 2 қаватли йирик савдо маркази ҳисобланади. Унинг майдони 1 гектар бўлиб, бу ерда турли маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконлар, овқатланиш шохобчалари, кўнгилочар масканлар жойлашган. Ташриф буюрувчиларнинг ўртача кундалик оқими 50 мингга яқин.

Нурмуҳаммад Саид, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид