Жаҳон | 21:37 / 20.02.2020
43884
13 дақиқада ўқилади

«ЮКОС», Путин, Ҳаага: Иш тарихи ва Россия бўйнидаги улкан қарз

18 февраль куни халқаро Ҳаага апелляцион суди Россия томони ҳозирда тугатилган ЮКОС компаниясининг собиқ ҳиссадорларига 50 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлаб бериши ҳақидаги 2014 йилдаги суд қарорини ўз кучида қолдирди. Бу халқаро арбитраж тарихидаги энг йирик компенсациядир.

Фото: AFP 2020 / Natalia Kolesnikova

Қуйида ушбу суд иши билан боғлиқ тафсилотлар, «ЮКОС» нефть компанияси ва унинг хўжайини Михаил Ходорковский атрофидаги воқеаларга тўхталамиз.

«ЮКОС» ва унинг эгаси Ходорковский

1992 йил Россияда мамлакатнинг биринчи президенти Борис Ельцин томонидан имзоланган «Россия Федерациясида нефть соҳасида самарали иш олиб бориш ва истеъмолчиларга нефть маҳсулотларини етказиб бериш самарадорлигини ошириш ҳақида»ги 1403-сонли фармони эълон қилинади.

Бу фармон асос қилиниб бир нечта нефть компаниялари ташкил этилади. Жумладан, Россия ҳукумати раиси Виктор Черномирдиннинг 354-сонли қарори билан 1993 йил «ЮКОС» нефть компаниясига асос солинади. Унинг таркибига Россиядаги ўнлаб нефтни қайта ишлаш заводлари киритилади.

1995 йил Россия давлат мулкларини назорат қилиш қўмитаси томонидан «ЮКОС»ни хусусийлаштириш ҳаракатлари бошланади. 1996 йил декабрда унинг назорат акция пакетини Михаил Ходорковский бошчилик қиладиган Group Menatep Limited (GML) сотиб олади. Ушбу компания таркибида Россиядаги бир нечта таниқли тадбиркорлар бор эди.

Компанияда акциядорларнинг улушларидаги фарқлар катта бўлмаса-да, «ЮКОС»нинг амалдаги эгаси Ходорковский эди. Ходорковский 1990-йиллар бошида Борис Березовский, Владимир Гусинский ва Роман Абрамович қаторида Россиядаги норасмий «ишбилармон тўртлик» аъзоси эди. Бу тўртлик баъзида аёвсиз рақобатда киришса, баъзан бир-бирига ёрдам берарди.

Ходорковский «ЮКОС»нинг эгаси бўлганидан сўнг бошқа компаниялар сингари у ҳам бирин-кетин бошқа кичикроқ корхоналарни ўз таркибига қўшиб бораверади.

1997 йил «ЮКОС» акциядорлари «Роспром» гуруҳига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилади.

ЮКОС ва Ходорковский бошида қора булутлар

1998 йил май ойида «ЮКОС»нинг асосий нефтни қайта ишлаш корхоналари жойлашган Нефтюганск шаҳри мэри Владимир Петухов «ЮКОС» компанияси маҳаллий бюджетга солиқ тўламаётгани ҳақида айблов билан чиқади.

Бунга жавобан «ЮКОС» маҳаллий бюджетга жами 120 миллион рубль солиқ тўлагани, мэр эса бюджет маблағларини ўзлаштириб юбориб, энди компанияга туҳмат қилаётганини билдиради.

Шундан сўнг Петухов очлик эълон қилади ва Москвадан «ЮКОС»нинг солиқ тўламагани бўйича суриштирув ўтказишни, компанияни давлат ҳисобига қайтариб олишни сўрайди. Бу воқеалардан икки ой ўтиб Петуховни ишга кетаётганда пулемёт-тўппончадан отиб ўлдиришади. Қотилликни «ЮКОС»нинг хавфсизлик бўлими ходими амалга оширгани аниқланиб, қотил қамалади.

1999 йил «Новая газета» нашрида «Роспром»-«ЮКОС» альянси бюджетга мутлақо солиқ тўламаётгани ҳақида батафсил мақола эълон қилинади. Шундан сўнг бу иш бўйича суриштирувлар бошланади. Шунингдек, матбуот орқали «ЮКОС» солиқни бошқа компанияларга қараганда камроқ тўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқала бошлайди.

Путин билан келишмовчилик ва Ходорковскийнинг қамоққа олиниши

Владимир Путин ва Михаил Ходорковский (Фото: Владимир Родионов / РИА Новости)

2003 йил бошида Россия президенти Владимир Путин бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашув ўтказганида Ходорковский «Роснефть» давлат компаниясини коррупцияда айблайди. Ўшанда Путин Ходорковскийга «ЮКОС»да ҳам солиқлардан қочиш ҳоллари бўлганини эслатади.

Ўша йили «ЮКОС» россиялик яна бир таниқли тадбиркор Роман Абрамович эгалик қилаётган «Сибнефть» компанияси билан бирлашишини эълон қилади. Ўша кунларда Россия федерал солиқ хизмати «ЮКОС»нинг 2000-2003 йилларда солиқдан қочиш ҳолати бўйича текширув бошлайди. Ходорковский қамоққа олинади ва «Сибнефть» билан қўшилиш режаси амалга ошмай қолади.

Роман Абрамович таваккалчиликка қўл урмайди, у ҳукуматга «ёқмай қолган» ҳамда иши суриштирувда бўлган компания билан бирлашиб, ўз компанияси келажагини хавф остида қолдиришни хоҳламайди.

Михаил Ходорковскийни қўлга олиш жараёни худди фильмлардагидек кечганди. У 2003 йил 25 октябрь куни шахсий самолётида Иркутскка учаётиб, Новосибирск аэропортига ёқилғи қуйиш учун тўхтаган вақтида Россия федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинади. Ундан аввалроқ, 2003 йил ёзида Ходорковскийнинг ҳамкорларидан бири, Group Menatep Limited (GML) директорлар кенгаши раиси Платон Лебедев ҳам қўлга олинганди.

Ходорковский салкам икки йил давомида тергов қилинади. Уни фирибгарлик ва давлатга катта миқдорда зарар етказишда айблашади. 2005 йил май ойида Москва шаҳар Мешанский туман суди Ходорковскийга 9 йил қамоқ жазоси белгилайди. Ҳукмдан норози бўлган Ходорковский апелляция беради.

2005 йил 22 сентябрда Москва шаҳар суди Ходорковскийга берилган муддатни бир йилга қисқартиради, шу билан биргаликда, «ЮКОС»га тегишли барча мулк ва пуллар «Роснефть» таркибидаги «Байкалфинансгрупп» корхонаси номига ўтказилиб, «ЮКОС» банкрот деб эълон қилинади.

Ходорковскийга ўқилган ҳукм дунёнинг кўплаб давлатларида, Ғарб нашрларида катта шов-шувларга сабаб бўлади. ОАВдаги аксарият чиқишларда «ЮКОС»га тегишли мулк мусодара қилиниб, Ходорковскийнинг қамалиши сиёсий сабабларга боғланади. Шунингдек, миллиардернинг Путин билан алоқалари яхши бўлмагани бот-бот эсланади. Қамоқхонада Ходорковскийга бир неча марта қуролли ҳужум уюштиришади ва бир сафар у енгил жароҳат ҳам олади.

Ходорковскийга қарши иккинчи иш

Фото: Viktor Chernov/Russian Look/Globallookpress

2006 йил декабрда Ходорковскийга қарши янги иш очилади. 2010 йил 30 декабрда суд Ходорковский ва Лебедевни янги айбловлар билан айбдор деб топади ва уларнинг ҳар иккисига 14 йил қамоқ жазоси белгиланади. 2011 йилда Ходорковский ва Лебедевга берилган ҳукм кассацион тарзда ўзгаришларсиз қолдирилади.

2012 йилда Ходорковский Россия бизнес-омбудсмани Борис Титовга иккинчи суд ишидаги айбловлар бўйича суриштирув ўтказиш учун мурожаат қилади. Ўша йили Москва шаҳар суди Ходорковский ва Лебедевнинг қамоқ муддатини 13 йилдан 11 йилга камайтиради.

Ходорковский ва «ЮКОС» ишига халқаро эътибор

Ходорковский ва «ЮКОС»нинг бошқа ҳиссадорлари «ЮКОС»нинг мулки тортиб олинган ва Ходорковский қамалган пайтлардаёқ ёрдам сўраб Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожат қилган эди. Ўшанда Group MENATEP Ltd (GML) ва унинг таркибидаги Yukos Universal Ltd (YUL) Россия ҳукуматидан ўз фойдасига 100 миллиард доллар ундириш ҳақида даъво киритади. Бундай мурожаатлар биринчи ва иккинчи суд ишидан кейин ҳам бир неча марта давом этди.

Аввалига Европа суди тақдим этилган далиллар етарли бўлмагани учун ишни эътиборсиз қолдиради. 2009 йилда эса етарли далиллар тақдим этилгач иш бўйича суриштирув бошланади.

2011 йил Европа суди Ходорковский ва «ЮКОС»га тегишли ишни кўриб чиқар экан, «ЮКОС» ва Ходорковсий ишида олиб борилган суриштирувларда камчиликлар бўлгани, далиллар етарли даражада ўрганилмаганини қайд этади. Аввалига суд Ходорковскийнинг сиёсий мотивлар билан қамалганига далиллар йўқ деб ҳисоблайди. Кейинчалик эса «ЮКОС» ва Ходорковский фаолияти давомида тадбиркорликни назорат қиладиган қоидаларни бузганини, аммо Ходорковский ҳамда унинг ҳамкорининг қамалиши, «ЮКОС»га тегишли мулкларнинг тортиб олиниши айнан сиёсий мотивлар остида бўлиб ўтгани ҳақида қарор чиқаради.

Шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар ва сиёсатчилар Ходорковскийнинг қамалиши Путин билан келишмовчилик ортидан содир бўлгани ҳақида баёнот беради. Масалан, 2005 йил АҚШ Сенати Ходорковский иши бўйича 232-сонли резолюция қабул қилади. Сенаторлар Барак Обама, Жо Байден ва Жон Маккейн томонидан тайёрланган ушбу резолюцияда «Ходорковский иши Россияда судларнинг мустақил эмаслиги ҳамда асосан Кремль манфаатлари учун хизмат қилишини англатиши ва бу демократик жамият қуришга уринаётган Россия учун хавфли ҳолат эканлиги» таъкидланган эди.

Ходорковскийнинг афв этилиши

Михаил Ходорковский онаси билан. Фото: prokazan.ru

2013 йил 19 декабрда Владимир Путин йил якунларига бағишлаб ўтказган матбуот анжуманида Ходорковский ўзини авф этиш ҳақида мурожат қилгани ва яқин кунларда у афв этилиши ҳақида гапиради. Ўшанда Путин Ходорковскийнинг афв этилишини унинг онаси беморлиги учун деб изоҳ беради. Орадан бир кун ўтиб, 20 декабрда Ходорковскийни афв этиш ҳақидаги фармон эълон қилинади.

Ўша куни тундаёқ Ходорковскийни Карелиядаги қамоқхонадан Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортига олиб келишади. У Германия собиқ ташқи ишлар вазири Ханс-Дитрих Геншер билан биргаликда Берлинга учиб кетади. Геншер аэропортга адашиб келиб қолмаган ва айнан Ходорковский учун самолёт тайёрлаб турганди.

Орадан бир неча кун ўтиб россиялик журналистлар Ксения Собчак ва Михаил Зигар Берлинда Ходорковскийдан видеоинтервью олишади. Ўша куни ўтказилган матбуот анжуманида Ходорковский тадбиркорлик ҳамда сиёсат билан шуғулланмаслиги, режасида Россия мухолифатига моддий ёрдам бериш йўқлиги, асосий эътиборини жамоатчилик ишларига ва Россиядаги сиёсий маҳбусларни озод қилишга қаратишини маълум қилади.

Россияга қарши даъволарда ютиб чиқиш

Фото: RusBase

2014 йил 28 июлда Ҳаагадаги Халқаро арбитраж суди Россия томонига етказилган моддий зарар учун «ЮКОС» иши» бўйича Group Menatep Limited (GML) фойдасига 2015 йил 15 январгача 50 миллиард АҚШ доллари, бошқа турли харажатлар учун эса 65 миллион АҚШ доллари тўлаб бериш мажбуриятини қўяди.

Суд ўз қарорида Россия «ЮКОС» компаниясини йўқ қилиб унинг активларини ўзлаштиргани, суддан сўнг «ЮКОС» активлари ўтказиб берилган «Байкалфинансгрупп» аслида сохта компания экани, Россия томони Ходорковский ва «ЮКОС»га нисбатан ноҳақлик қилганини важ қилиб келтиради. 2014 йилнинг ўзида Россия томони бу иш юзасидан Нидерландиядаги Ҳаага округ судига шикоят киритади. Ушбу суд 2016 йил Россиянинг шикоятини кўриб чиқиб, халқаро арбитраж судининг 2014 йилда «ЮКОС» акционерлари фойдасига чиқарган қарорини бекор қилади.

Шундан сўнг «ЮКОС» акциядорлари апелляция беради ва Ҳаага апелляцион суди ишни қайта кўра бошлайди. 2020 йил 18 февраль куни Ҳаага апелляцион суди Ҳаага округ суди томонидан 2016 йилда Россия фойдасига чиқарилган қарорни бекор қилиб, 2014 йилда Халқаро арбитраж суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди.

Орадан бироз ўтиб, Европадаги яна бир суд – Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди етказилган маънавий зарар туфайли Россиядан «ЮКОС» акционерлари фойдасига 1,8 миллиард доллар ундириш ҳақида қарор қабул қилади.

Ҳаага халқаро судининг ижроси ва унга россияликларнинг муносабати

Фото: Getty Images

Бугун россиялик сиёсатчиларнинг аксарияти Россия Ҳаага апелляцион судининг қарорини бажармаслиги керак деб ҳодисага ўз фикрини билдирмоқда, аммо бу иш осон бўлмайди. 2014 йилда Россия «ЮКОС» акционерларига 50 миллиард доллар тўлаши ҳақида илк қарор чиққанида, орадан бироз ўтиб 2015 йилда Россиянинг Бельгия, Франция ва Австриядаги активлари музлатилган эди.

Ҳозир Россияда бу иш юзасидан яна апелляция бериш ҳуқуқи бор, аммо унда ютиб чиқишга россиялик ҳуқуқшуносларнинг ўзи ҳам ишонмаяпти. Ҳаага апелляцион судининг 18 февралдаги қароридан кейин Европа давлатларида Россия активлари яна музлатилиши ва уларни «ЮКОС» акционерлари фойдасига мусодара қилиши мумкин.

Россия томони Ҳаага халқаро арбитраж судининг қарорига ҳозирча жиддий жавоб бермади. Фақат Россия Адлия вазирлиги «Ҳаага халқаро апелляция суди 2014 йилдаги суднинг қарорини ўз кучида қолдириб хато қилгани ва ишни кўриб чиқишда Россия фойдасига ишлаши мумкин бўлган далилларга етарли даражада эътибор бермагани, шу туфайли Россия томони Нидерландия Олий суд инстанциясига шикоят билан мурожат қилиши» ҳақида ўз сайтида муносабат билдирди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид