Ўзбекистон | 14:48 / 14.03.2020
32650
2 дақиқада ўқилади

Янгиариқ тумани ҳокими ўзгарди

Муҳаммадмурод Худайберганов Янгиариқ тумани ҳокими этиб тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов нутқ сўзлади.

Вилоят раҳбари ўз сўзида туманда бугун тўпланиб қолган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо берди.

Муҳокамалардан сўнг, Мақсуд Ортиқович Саидов ишда йўл қўйилган камчиликлар, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишда орқада қолгани учун Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ҳокими вазифасидан озод этилди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, бу ҳақдаги вилоят ҳокимининг қарори Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан тасдиқланди. Мақсуд Саидов 2017 йилдан бери шу лавозимда ишлаб келаётганди.

Муҳаммадмурод Худайберганов 

Фарҳод Эрманов Янгиариқ тумани ҳокими лавозимига Муҳаммадмурод Собирович Худайберганов номзодини тавсия қилди. Музокаралардан сўнг, Муҳаммадмурод Худайберганов номзоди Янгиариқ тумани ҳокими лавозимига депутатлар томонидан тасдиқланди.

М. Худайберганов 1962 йилда таваллуд топган, мутахассислиги бўйича агроном. Шу пайтга қадар Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган. 

Маълумот учун, Янгиариқ тумани вилоят ҳудудининг 6,5 фоизини эгаллайди. Тумандан Урганч шаҳригача 24 км. Хива, Боғот, Урганч туманлари ва Туркманистон давлати билан чегарадош. 

Мавзуга оид